Aфғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси доирасидаги “Гуманитар ривожланиш – Aфғонистоннинг фаровон келажагига йўл” шўъба йиғилишида икки давлат олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, юртимиздаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётдиган афғон ёшлари сафини янада кенгайтириш, шунингдек, ўқув марказларида турли соҳалар бўйича мутахассислар тайёрлаш ва улар малакасини ошириш истиқболи муҳокама қилинди.
Дастлаб биргаликда олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида сўз юритилди, тақдимотлар намойиш қилинди. Ҳамкорлик дебочаси сифатида Aфғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилоятида Aфғонистон фуқароларини ўқитиш бўйича Таълим маркази ташкил этилган. Айни йўналишдаги мавжуд алоқани янада кенгайтириш мақсадида икки давлат олий таълим вазирликлари ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумига кўра, Aфғонистон фуқароларини нафақат Термиз туманидаги таълим марказида, балки бутун Ўзбекистон бўйлаб олий ўқув юртларида ўқитиш тартиби белгиланди.
Кейинги пайтда қўшма лойиҳалар кўлами ошмоқда. Хусусан, 2022 йил март ойида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ЕИ делегацияси ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий миссияси шериклигида Aфғонистон фуқароларини ўқитиш ва малакасини оширишга қаратилган навбатдаги лойиҳа йўлга қўйилди.

Бир йил давомида амалга ошириладиган, жами бюджети 1 миллион еврони ташкил қиладиган лойиҳанинг йиллик курсларида 100 киши таҳсил олади, уч ойлик курсларнинг биринчи босқичида 48 киши ўқитилди.
Ташаббус доирасида 336 нафар Aфғонистон фуқаросини ўқитишни молиялаштириш режалаштирилган. Ҳозир “Транспорт ва авто таъмирлаш”, “Тикувчилик”, “Компьютер фанлари ва ахборот технологиялари” (веб-ишлаб чиқарувчи), “Aгро бизнес ва маркетинг”, “Компьютер фанлари ва ахборот технологиялари” каби таълим дастурлари бўйича 1 йиллик, 3 ойлик касб-ҳунар ўқув курслари ташкил этилмоқда.
Бундан ташқари таълим сифатини янада яхшилаш мақсадида икки мамлакат университетлариаро шериклик йўлга қўйилган. Бу жараёнда Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат шарқшунослик ва Тошкент давлат транспорт университетлари Aфғонистоннинг Балх университети билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
ЎзА