Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон UNWTO Бош Ассамблеяси Президенти ва иккита Қўмита аъзоси этиб сайланди
00:28 / 2023-06-03

Маълумки, айни кунларда Болгариянинг София шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Европа комиссиясининг 68-йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Унда Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

София мезбонлик қилаётган бугунги нуфузли тадбирда ташкилотнинг қатор ваколатли органлари учун сайловлар ўтказилмоқда.

Қайд этиш лозимки, сайловлар якунига кўра, Ўзбекистон 3 та номинацияда ғолиб, деб топилди.

Жумладан, халқаро ташкилот томонидан Ўзбекистонга UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессиясида мезбон сифатида президентлик қилиш ваколати берилди. Ушбу расмий ваколат топширилар экан, UNWTO раҳбарияти ва аъзолари томонидан бугунги кунда UNWTO Бош ассамблеясининг 25-юбилей сессиясини ўтказиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган тайёргарлик ишларини ҳамда мамлакатда туризмни ривожлантиришда олиб борилаётган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон кейинги 2023-2027 йиллар муддатига UNWTO Ижроия кенгашининг Ваколатлар бўйича қўмитаси аъзолигига қабул қилинди.  

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва Туризм вазирлиги матбуот хизматининг маълумотларига кўра, мазкур аъзолик UNWTO

Ижроия кенгаши томонидан қабул қилинадиган муҳим қарор ва ҳужжатлар, уларга аъзо давлатлар иштироки ҳаққонийлиги ва тамойилларга мослигини назорат қилиш ваколати Ўзбекистонга ишониб топширилганлигини билдиради.

Бундан ташқари, мамлакатимиз 2023 – 2027 йиллар давомида UNWTO Аффилланган аъзолар қўмитасига сайланди. Мазкур Қўмита дунё бўйлаб 500 дан ортиқ туризм соҳаси хусусий ташкилотлари ва уюшмаларни ўз ичига олгани давлатимиз учун кенг имкониятларни очиб беради.  

Тадбир доирасида “Самарқанд - Янги Ўзбекистон туризм дарвозаси” тақдимоти ҳам амалга оширилди.  

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессияси бўлиб ўтади.

ЎзА