Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон унининг сифати, табиат ҳодисасидан зарарланган буғдойзорлар ёхуд чорва моллари озуқасига таъсир этувчи омиллар...
16:18 / 2022-06-23

Дунёда буғдой экспорт қиладиган 6 етакчи давлат бор.

Улар, Россия, Канада, АҚШ, Австралия, Украина, Европа Иттифоқи ҳисобланади. Россия буғдой экспорти бўйича дунёда 1 ўринда туради. Аммо, яқинда Россия буғдой экспортига чеклов қўйди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, апрель ойида буғдой уни нархи бир йил олдингига нисбатан 16,5 фоизга ўсган. Ўзбекистон Марказий банки маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, февраль ойидан май ойининг биринчи 10 кунлигигача бўлган даврда ун нархи 15-23 фоизга ошган.

Ўзбекистон етиштирилаётган буғдой ва ун маҳсулотларининг бугунги ҳолати юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ғаллачилик дуккакли дон экинлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдулла Мансуров билан суҳбатлашдик.

– Ўтган йили мамлакатимизда 6 миллион 600 минг тонна ғалладан ҳосил олинди. Жорий йилда эса 7 миллион 800 минг тонна ҳосил олиш режалаштириляпти. Ўзбекистонда етиштирилаётган буғдой аҳолининг эҳтиёжини тўлақонли таъминлай олади, дейди Абдулла Мансуров.

– Аҳолини ун билан таъминлашга имкониятлар етарли дедингиз. Аммо, нима учун Қозоғистондан ун импорт қиламиз?

– 2021 йилни таҳлил қилсак, шу йил Қозоғистондан 2 миллион 800 тонна ун импорт қилганмиз. Аммо ўша йили 1 миллион 400 тонна буғдой экспорт ҳам қилганмиз. Бундан ташқари, Афғонистонга ҳам ун экспорт қилинган. Импорт қилишимиз фақат ўзимиз истеъмолимиз учун эмас. Экспортни чиқариб ташласак, давлатимизга 1 миллион тоннадан ошиқроқ буғдой импорт қилган бўламиз.

– Қўшни давлатларда буғдой нархининг ошиши, бизга ҳам таъсир кўрсатадими?

– Қўшни мамлакатларда буғдой ошадиган бўлса, бизда ҳам кўтарилиш эҳтимоли бор. Бугунги кундаги ғалла етиштирувчилардан давлат захираси учун буғдой ғамлаяпмиз. Агар бозорларда буғдойнинг нархи ошадиган бўлса, ўша захирадаги буғдой бозорга чиқарилади. Бу нархларнинг барқарорлигини таъминлайди.

– Биламизки, ўзбек халқи буғдой, пахта етиштиришга узоқ йиллик тажрибага эга. Баъзи фикрларга кўра, мамлакатимиздаги айрим унларнинг сифати талаб даражасида эмас. Қозоғистондагидек сифатли буғдой етиштиришга нима тўсқинлик қилади?

– Ҳақиқатда республикамиз пахтачилик соҳасида 100 йиллик тажрибага эга. 100 йиллик илмий-тадқиқот институтларимиз бор. Лекин, ғаллачилик билан мустақиллик эълон қилинганидан кейин шуғуллана бошланди. Ҳозирда республикамизда 3 та катта ғаллачилик илмий-тадқиқот институти бор. Уларнинг ташкил этилганига 25-30 йил бўлди. Мазкур институтлар томонидан мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди иқлимига мос, буғдой навлар яратиляпти.

Маълумки, битта буғдой навини яратиш учун 10-12 йил вақт керак бўлади. Демак 23-30 йил бўлган институтларимизнинг тажрибаси йил сайин ошяпти. Маҳаллий шароитга мос навларни яратиш ўз натижасини кўрсатяпти.

Суғориладиган ерларда етиштириладиган буғдойнинг лалмикор ерларда етиштирилган буғдойлардан сифати пастроқ бўлади. Бу сифати истеъмолга яроқсиз дегани эмас. Бизда етиштирилаётган буғдойларнинг таркибида 27-28 кирикавина мавжуд. Фанда бу уннинг ёпишқоқлиги, чўзилувчанлигини белгилайди. 

Бу кўрсаткич Қозоғистонда етиштирилган буғдойларда 30-32 кирикавинада. Умуман олиб қараганда ун маҳсулотини қайта ишлайдиганлар, яъни новвойларнинг талаби эса унда кирикавина 23 фоиздан паст бўлмаслиги керак. Қозоғистонда 30-35 лалми майдонда етиштириладиган буғдойларнинг ҳосилдорлиги 5 центнер бўлади. Бизда суғориладиган майдонларда 70 центнер ҳосил етиштирамиз. Ўтган йилда Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа қўшни мамлакатларга уруғ экспортини ҳам йўлга қўйдик. Умуман олганда, юртимизда етиштирилаётган ғалланинг сифати жаҳон талабларига жавоб беради.

– Маҳаллий унлардан хамирли овқатлар тайёрласак, маҳсулот эзилиб, таом кўнгилдагидек чиқмайди. Шу сабабли кўпинча қозоқ унидан фойдаланишга тўғри келади. Бунга сабаб нимада?

– Қозоғистондан келаётган буғдойнинг аксари қаттиқ ҳисобланади. Қаттиқ буғдой кўпинча макарон маҳсулотларига ишлатилади. Республикамизнинг 60-70 фоиз аҳолиси қишлоқ шароитида яшайди. Улар маҳаллий буғдойлардан тайёрланган ундан фойдаланади. Ўзимизнинг жайдари буғдойдан тайёрланган нонларнинг мазаси бошқача.

Юқоридаги саволингизга тўхталадиган бўлсак, кўпчилик маҳаллий унимизнинг биринчи навидан хамирли таомлар тайёрлайди. Биринчи навли унда кепак кўп бўлган боис хамир кўнгилдагидек чиқмаслиги мумкин. Қозоқ унининг олийидан хамирли таомларни тайёрлашда фойдаланамиз. Олий навли унда кепак кам, ун кўп бўлади. Шу сабабли хамирлар сифати яхши бўлади. Ўзи дунё бўйича биринчи навли ундан камдан-кам ҳолларда хамирли овқатлар тайёрланади. Агар маҳаллий ишлаб чиқарилаётган олий навли унлардан хамирли овқатлар тайёрланса, таом кўнгилдагидек чиқади.

– Ўзбекистонда тайёрланган ун дунёда сифат жиҳатидан нечанчи ўринда туради?

– Дунё талаби бўйича уннинг оқсили 14 фоиз, кликавина миқдори 23 фоиздан юқори бўлиши керак. Мамлакатимизда етиштирилган буғдойларнинг оқсили 14 фоизни, кликавинаси эса 27-20 фоизни ташкил этади. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда етиштирилаётган буғдой навлари жаҳон стандартларига тўла жавоб беради. Дунё бўйича сифат жиҳатдан унларимизда муаммо йўқ. Сабаби, маҳсулотимиз 100 фоиз табиий. Тупроғимиз унумдор.

– Яқинда мамлакатимизда содир бўлган кучли шамол таъсирида буғдойзорларга зарар етди. Деҳқонларнинг таъкидлашича, бу буғдойларнинг чиришига сабаб бўлади. Ушбу ҳолат буғдой нархларига таъсир кўрсатадими?

– Ҳақиқатдан кучли шамол, сел келиши натижасида буғдойлар ётиб қолди. Бироқ, республика миқёсида 1 миллион 32 минг гектар буғдой экин майдонидан, 2 минг 400 гектар буғдой экини ерга ётиб қолган. Буни ҳисоб-китоб қилдик. Зарар кўрган ерларда буғдой дони шаклланган бўлган. Шаклланган дон бўлганидан кейин катта йўқотишлари бўлмайди. Ўша 2 минг 400 гектар буғдой ҳосилининг 25-30 фоизини йўқотган бўлишимиз мумкин.

– Маълумки буғдойнинг тортилиши натижасида чорва молларининг озуқалари нархи ҳам ошмоқда. Бунинг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?

– Пахта, ғалла етиштириб бўлинган ер майдонларида маккажўхори, беда экиш йўлга қўйилди. Демак, 200 минг гектар пахта, ғалла майдонларида алмашлаб экиш ҳисобига чорва озиққа базаси тўлиқ таъминланади.

Дунё бўйича битта йирик шохли чорва учун 0, 15 гектар озиқ базаси шакллантирилган бўлса, республикамизда ҳар бир чорва молга 0,30 гектар озуқа базаси мавжуд. Фақат бу алмашлаб экишга мўлжалланган.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/FTqwrVy8ekU" title="Юртимизни буғдой билан таъминлашга имкониятлар етарлими?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА