English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекистон – умумий уйимиз”
16:13 / 2025-11-14

16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни

Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Бухоро вилояти бўлинмаси ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги ННТ ва Дўстлик уйида 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб “Ўзбекистон –умумий уйимиз” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон – кўп миллатли мамлакат. Юртимизда ўтказиб келинаётган “Бағрикенглик ҳафталиги”дан мақсад 130 дан ортиқ истиқомат қилиб келаётган  миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эртанги кунимиз бўлган ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ҳамда хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришдан иборатдир.

Бухорода маҳаллий аҳоли билан биргаликда яҳудий, форс-тожик, қозоқ, туркман, араб, юнон ва бошқа миллат вакиллари тинч-тотув умргузаронлик қилмоқда. Аждодларнинг бағрикенглик анъаналарини муносиб давом эттирган ҳолда бугунги кунда ҳам вилоятда 40 дан ортиқ миллат вакиллари ҳудуд ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маърифий тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилмоқда.

– Бугунги кунда бағрикенглик инсоният томонидан эришилган энг катта ютуқлардан биридир, – дейди Татар-бошқирд миллий маданий маркази раҳбари Равиль Забиров. – Бундан кейинги тараққиёт учун ҳам у муҳим омиллардан бири бўлиб қолади. Ўзбекистонда турли миллат вакиллари ўртасида мустаҳкам дўстлик, бағрикенглик муҳити таъминланган. Ўзбекистонда миллати, тили, динидан қатъий назар барча миллат вакиллари тенг ҳуқуқли. Биз шундай тинч, осуда юртда яшаётганимиздан бахтиёрмиз. 

– Давлат раҳбари ташаббуси билан вилоятдаги мавжуд миллий маданий марказларида яхши шароитлар яратилган. Бугунги таҳликали замонда мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарликни ривожлантириш энг муҳим масалалардан биридир. Юртимизга кўз тегмасин, – дейди вилоят “Согласие и милосордие” рус миллий маданий маркази раҳбари Наталия Чопанашвили.

– Шундай гўзал, тинч юртда яшаётганимиздан хурсандмиз, – дейди Қозоқ миллий маданий маркази раҳбари Хазна Колбаева. – Осмонимиз мусаффо, барча миллат вакиллар бир тан, бир жон бўлиб яшаб келмоқда. Мустақиллигимизга, тинчлигимизга кўз тегмасин. Фарзандларимиз камолини кўриш барчамизга насиб айласин.

Вилоятдаги мавжуд миллий маданий марказлар Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ажратилган грант лойиҳаларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Миллий маданий марказлар томонидан турли мавзулардаги лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда. Бунда Татар-бошқирд, Корейс, Турк, “Офтоби Сугдиён” тожик-форсий, “Согласие и милосордие” рус миллий маданий марказлари доимо фаоллик билан қатнашиб келади. 

Тадбирда турли миллат вакиллари ўзларининг куй ва қўшиқлари билан йиғилганларга хуш кайфият бағишлади. 

Зариф Комилов, ЎзА