Жорий йилнинг 6-24 январь кунлари Саудия Арабистонида футбол бўйича U23 ёш тоифасида Осиё кубоги финал босқичи бўлиб ўтади.
Қитъамиз футболида янги мавсумни очиб берувчи мазкур нуфузли мусобақа мухлислар ўртасида катта қизиқиш уйғотиши кутилмоқда. Айниқса, Осиё кубогида Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоасининг иштироки мамлакатимиз футбол ихлосмандлари учун муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мусобақада “C” гуруҳидан жой олган. Гуруҳ босқичида термамиз дастлабки учрашувини 7 январь куни Ливан терма жамоасига қарши ўтказади. Иккинчи тур доирасида эса 10 январь куни Эрон термаси билан куч синашади. Гуруҳ босқичидаги сўнгги баҳс 13 январь куни Корея Республикаси терма жамоасига қарши бўлиб ўтади.

Осиё кубогининг очилиш учрашуви “A” гуруҳидан ўрин олган Вьетнам ҳамда Иордания терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтади. Шу куни мазкур гуруҳда Саудия Арабистони ва Қирғизистон термалари ўртасидаги баҳс 1-тур учрашувларини якунлайди.

“B” гуруҳидаги баҳслар 7–8 январь кунлари бўлиб ўтади. Унда Япония – Сурия ҳамда Қатар – БАА термалари ўртасидаги учрашувлар режалаштирилган. “D” гуруҳидан ўрин олган Ироқ – Хитой ҳамда Австралия – Таиланд терма жамоалари ўртасидаги беллашувлар эса 8 январь куни ўтказилади.
Гуруҳ босқичи баҳслари 14 январь кунига қадар давом этади. Унда ҳар бир гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган терма жамоалар чорак финал босқичига йўл олади. Чорак финал учрашувлари 16–17 январь кунлари ташкил этилади. Жумладан, “A” гуруҳи ғолиби “B” гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган жамоа билан, “D” гуруҳи пешқадами эса “C” гуруҳида иккинчи ўринни банд этган терма жамоа билан беллашади. Қолган икки жуфтликда эса “A” гуруҳида иккинчи ўринни олган жамоа “B” гуруҳи ғолибига, “D” гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган терма эса “C” гуруҳи ғолибига қарши майдонга тушади.
Мусобақанинг ярим финал учрашувлари 20 январь куни ўтказилади. 3-ўрин учун баҳс 23 январь кунига белгиланган бўлса, Осиё кубоги ғолибини аниқлаб берадиган финал учрашуви 24 январь куни бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА