Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон U17 терма жамоаси жаҳон чемпионати остонасида
13:00 / 2025-04-06

Саудия Арабистонида футбол бўйича U17 ёш тоифасидаги Осиё кубогининг гуруҳ босқичида биринчи тур учрашувлари ўз якунига етди.

Унда “А” гуруҳида Ислом Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси илк ўйинда Таиланд термасини 4:1 ҳисобида таслим этди. Мусобақа мезбони бўлган Саудия Арабистони эса Хитой билан ўтган учрашувда 2:1 ҳисобида зафар қучди. Натижада Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари 3 очко жамғарган ҳолда гуруҳ жадвалининг биринчи ҳамда иккинчи поғоналаридан жой олди. Хитой ва Таиланд эса 3-4-ўринда қолди.

Бугун, 6 апрель куни ушбу гуруҳда иккинчи тур учрашувлари бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон – Хитой, Саудия Арабистони – Таиланд термалари ўртасидаги ўйинга гувоҳ бўламиз.

Биз учун аҳамиятлиси, мазкур беллашувларда Ўзбекистон U17 терма жамоасининг Хитойга қарши ўтадиган ўйинидир. Тошкент вақти билан соат 20:00да Тоиф шаҳридаги «Оказ» стадионида старт оладиган бу ўйинда футболчиларимиз ғалаба қозонса, Саудия Арабистони терма жамоаси Таиландга мағлуб бўлмаса, термамиз жорий йилнинг 3-27 ноябрь кунлари Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига учинчи турдан аввал йўл олади.

Дарвоқе, футболчиларимиз хитойлик тенгқурларига қарши анъанавий оқ либосимизда, дарвозабонимиз эса қора либосда ўйин ўтказади.

Чемпионат доирасида бугун “B” гуруҳида Австралия ва Вьетнам терма жамоалари баҳси 1:1 ҳисобида якунланди. БАА эса 1:4 ҳисобида Японияга таслим бўлди. Қайд этилган натижаларга кўра, Япония 3 очко билан гуруҳ етакчисига айланди. Австралия ва Вьетнам эса 1 очко билан кучли учликдан жой олди. БАА мағлубиятдан сўнг сўнгги поғонага жойлашди.

Эртага, 7 апрель куни бу гуруҳда иккинчи тур учрашувлари бошланади ва унда Вьетнам – Япония, Австралия – БАА баҳсига гувоҳ бўламиз.

“C” гуруҳида эса кутилмаган вазият юз берди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Жанубий Корея 0:1 ҳисобида Индонезияга мағлуб бўлди. Афғонистон – Яман учрашуви 0:2 ҳисобида якунланди. Шу тариқа, биринчи турда зафар қучган Яман ҳамда Индонезия 3 очко жамғариб, 1-2-ўринга кўтарилди. Мағлуб жамоалар голлар нисбатига кўра 3-4-поғонада қолди.

Мазкур гуруҳдаги иккинчи тур ўйинлари ҳам 7 апрель куни бўлиб ўтади ва ушбу турда Жанубий Корея – Афғонистон, Яман – Индонезия ўсмирлар терма жамоалари майдонга тушади.

“D” гуруҳида Ўмонни 1:2 ҳисобида енгган Тожикистон футболчилари 3 очко билан гуруҳ карвонбошисига айланган бўлса, Эрон – КХДР учрашув 1:1 ҳисобида якунланди ҳамда жамоалар 1 очкодан бўлишиб олган ҳолда 2-3-ўринда қолди.

Энди иккинчи турда Ўмон – Эрон, Тожикистон – КХДР жамоалари ўртасида ўйин ўтказилади. Баҳслар 8 апрель куни ташкил этилади.

Маълумот ўрнида: Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичида энг яхши натижа қайд этган 2 та терма жамоа чорак финалга йўл олади. Ушбу 8 жамоа эса Қатар мезбонлик қиладиган мундиалдан иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА