Хива шаҳрида сув масалалари бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг V йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Туркманистон алоқалари нафақат тарихий қардошлик ва маданий яқинлик анъаналарига асосланган, балки бир дарёдан сув ичадиган икки халқ ризқи ва насибаси ҳам бир- бирига боғлиқ.
Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг самимий алоқалари туфайли мамлакатлар ўртасидаги ижобий ҳамкорлик динамикаси янада жонланди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика ва маданий-гуманитар ва бошқа муҳим соҳаларда қўшма лойиҳалар кўпайди.
Хусусан, 2025 йилнинг 16-17 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлган чоғида томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинган эди.
Ўзбек-туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг бешинчи йиғилишига Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Ш.Ғаниев ҳамда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Т.Атахаллиев бошчилик қилди.
[gallery-27390]
Йиғилишда Сув хўжалиги масалалари бўйича Туркманобод шаҳрида ўзбек-туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг учинчи йиғилишида эришилган келишувлар ижроси муҳокама қилинди.
Томонлар Амударёда сувнинг тўсиқсиз ўтиши учун қирғоқларни муҳофаза қилиш ва каналларни тўғрилаш ишларини олиб бориш, сув йўқотилишини камайтириш, Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенсияларни биргаликда рағбатлантириш, Ўзбекистон-Туркманистон давлат чегарасидаги “Таллимаржон- Таллымерджен автойўл” назорат-ўтказиш пункти фаолиятини қайта тиклаш каби ўндан ортиқ масалалар бўйича келишиб олди.
– Икки давлат раҳбарларининг оқилона ва узоқни кўзлаб юритилаётган сиёсати туфайли икки давлат ўртасидаги трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш дўстлик, яхши қўшничилик ва бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш руҳида амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев. – Хусусан, бугун ҳам Туркманистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги объектларини инвентаризация қилиш, давлатлараро канализация бўйича зарур ишларнинг бориши, Қарши магистрал каналидан Туркманистон томонидаги сув олиш пунктларини инвентаризация қилиш, ҳисобга олиш ва маълумотларни узатишни автоматлаштириш орқали Амударё сув ресурсларининг биргаликдаги мониторингини ташкил этиш бўйича ишларни жадаллаштириш, меҳнат ва фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни янада жонлантириш бўйича келишувга эришилди.
Сув хўжалигида илмий-техник ҳамкорлик ҳам йиғилишда кўрилган асосий масалалардан бири бўлди.
Йиғилишда “Марказий Осиё давлатларининг сувни тежаш технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича трансчегаравий ҳамкорлиги” мавзусидаги тақдимот ўтказилди.
– Сув ресурслари камайиб бораётган бугунги кунда сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш давр талабига айланиб бормоқда, – дейди “Ўзбекистон сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” координатори Санжар Раҳмонов. –Мамлакатимизда эса бу борада кўп йиллардан буён катта тажриба тўпланган. Айниқса, “Сувчилар мактаби” лойиҳамиз ҳозирги кунда Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Республикаларида яхши самара бермоқда. Йиғилишда ҳам бизнинг қилган тақдимотимиз Туркманистон томонидан юқори баҳоланди ва бу тажриба уларда ҳам қўлланиладиган бўлди. “Сувчилар мактаби” лойиҳаси Марказий Осиё давлатларининг барчасига тадбиқ этиладиган бўлса, минтақамизда сув сероблиги таъминланади.
Йиғилиш якунида қўшма комиссиянинг тегишли баённомаси имзоланди.
Сув хўжалиги масалалари бўйича Ўзбек-туркман ҳукуматлараро комиссиясининг олтинчи йиғилишини Туркманистонда ўтказишга келишилди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари