Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон –Туркманистон: ҳамкорликни фаоллаштириш халқлар манфаатларига хизмат қилади
18:43 / 2023-11-21

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шадурди Мередовни қабул қилди.

Учрашувда тарихи, анъаналари, қадриятлари муштарак Ўзбекистон ва Туркманистон ҳамкорлигининг кенг доираси, жумладан, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий гуманитар ҳамда парламентлараро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Давлатлараро муносабатларда парламент дипломатиясининг ўрни муҳимлигидан келиб чиқиб, парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига асосий эътибор қаратилди.  

Хусусан, икки мамлакат ўртасида эришилган барча даражадаги келишувларнинг парламент назорати доирасида ижросини таъминлашга кўмаклашиш, қўмиталар ўртасида қонун ижодкорлиги йўналишида ўзаро тажриба алмашиш, ёш парламентарийлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.  

Маълумки, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларда иқтисодий ҳамкорлик муҳим ўрин тутади ва 2022 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб бир миллиард долларни ташкил қилди. Шунга қарамасдан иккала томонда ҳам бу борадаги кўрсаткични ошириш учун етарли имконият ва салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Бунинг учун Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия фаолиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш лозим.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик доирасида икки мамлакатда ҳам маданият кунлари ташкил этилмоқда. Учрашувда икки халқнинг маданий ва маънавий яқинлашувига имконият яратадиган, давлатлараро гуманитар муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган лойиҳаларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.

Шунингдек, гендер тенглик масалаларида фаол ҳамкорлик олиб бориш, мамлакатлар ўртасида туристик йўналишларни ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.  

     

Н.Абдураимова, ЎзА