Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон - Туркманистон ҳамкорлиги янги тарихий босқичда
21:20 / 2022-07-12

Марказий Осиё халқаро институтида “Ўзбекистон ва Туркманистон:  ҳамкорликнинг янги тарихий босқичида ривожланиш истиқболи” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Тадбир Марказий Осиё халқаро институти томонидан Туркманистон ташқи ишлар вазирлигининг Халқаро муносабатлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференция ишида икки мамлакатнинг қатор давлат муассасалари ва таҳлил тузилмалари экспертлари иштирок этди.

Экспертлар ўзбек-туркман ҳамкорлигининг бугунги ҳолати, мамлакатларимиз стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш истиқболи, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари доирасидаги ҳамкорлик масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.

[gallery-7898]

Анжуманда  икки мамлакат ўртасидаги алоқа кўп асрлик дўстлик, яқин қўшничилик ва қардош халқларнинг ўзаро ҳурмат тамойилига асосланган ҳолда фаол ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистон етакчисининг 2017 йил март ойида Туркманистонга илк хорижий ташрифи икки томонлама муносабатга янги ижобий суръат бағишлагани, алоқалар ривожланиб бориши учун мустаҳкам асос яратган эътироф этилди.

Давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва ўзаро муносабатга янгича ёндашув туфайли сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар алоқаларни фаол кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор тинчликка эришиш, жадал тараққиётни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистоннинг БМТ доирасида халқаро ҳамжамият томонидан қабул қилинган кенг кўламли ва узоқ муддатли стратегия, концепция ва дастурларни амалга оширишга ёндашуви яқинлиги алоҳида эътиборга молик. Томонларнинг қўшни Афғонистонда тез орада фуқаролар тинчлиги ва тотувлигига эришиш учун ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлиги, айниқса, муҳим аҳамият касб этади.

Сўзга чиққанлар расмий Тошкент ва Ашхобод нафақат икки томонлама алоқалар мустаҳкамланишидан, балки Марказий Осиёда барқарор ривожланиш таъминланишидан умумий манфаатдор эканини билдирди.

Тадбир ўзбек-туркман ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболини белгилаш, минтақавий мулоқотни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш борасида фикр алмашиш учун самарали майдонга айланди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,

Даврон Эрназаров(сурат),

ЎзА