Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги азалий қардошлик ва ҳамкорлик ришталари яна бир бор мустаҳкамланди.
Хоразмнинг Шовот туманида икки халқнинг “Шовот-Тошҳовуз” қўшма чегараолди савдо зонаси ишга туширилди.
Мазкур савдо зонаси ҳудудидаги ёпиқ савдо павильонида 112 та очиқ турдаги раста ва 28 та турли хил дўкон харидорлар ихтиёрида экан, икки мамлакатнинг мазаси ва сифатида нуқсонсиз маҳсулотлари бир маконда жам бўлган. Иккита блокдан иборат яна 16 та савдо дўкони эса бу масканнинг савдо имкониятларини янада бойитган.
—Шу кунга ҳадар Хоразм гуручларини Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларга экспорт қилиб келаётган эдик, — дейди хоразмлик тадбиркор Аҳмеджон Аҳмедов. – Мазкур савдо мажмуасидан дўкон олдик. Эндиликда қадрдон туркман харидорларимизга гуруч маҳсулотларимизни таклиф қилмоқдамиз. Бизнинг маҳсулотларимизни туркманистонликлар жуда яхши қабул қилишди. Туркманистон биз учун янги савдо майдони бўлишига ишонаман. Бундай ҳамкорликдан биз тадбиркорлар жуда мамнунмиз.
Савдо зонаси фақат иқтисодий имконият эмас, балки қулайлик ва тартибот маскани ҳамдир. Бу ерда божхоначилар учун замонавий маъмурий бино, кириш-чиқиш назорат пунктлари, карантин, ветеринария ва фитосанитария хоналари фаолият кўрсатади. Шу билан бирга, меҳмонлар учун банк хизматлари, шинам меҳмонхона ва миллий таомлар тайёрланадиган ошхона фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
— Мазкур ҳудудда барпо этилган янги божхона пости орқали товарлар ва фуқароларнинг ҳаракати янада қулай, тезкор ва шаффоф тарзда йўлга қўйилади, —дейди Хоразм вилоят божхона бошқармаси бош инспектори Илҳомбек Қурбонов. — Янги пост энг замонавий техник воситалар, ахборот-коммуникация тизимлари билан жиҳозланган бўлиб, бу божхона назорати самарадорлигини янада оширади. Барча жараёнларнинг бир марказда амалга оширилиши назоратни соддалаштириш, тўхтаб туриш вақтларини қисқартириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Биз божхона ходимлари сифатида юртимиз иқтисодий манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, қонуний савдо оқимини кенгайтириш ва фуқароларимизга юқори маданият асосида хизмат кўрсатишни ўзимизнинг бош мақсадимиз деб биламиз.
Икки қўшни халқ ҳамкорлиги ривожидаги янги маскан нафақат ўзаро, балки бошқа миллат ва халқлар учун ҳам манфаатли бўлиши мумкин. Эркин савдо мажмуаси юртимизда фаолият юритаётган хорижлик инвесторлар учун ҳам янги бозорга йўл очди.
—Биз Хитойда меҳмонхона анжомлари ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз, —дейди хитойлик инвестор XU JIN YU. —Шу йўналишда юртингизга инвестиция киритишни мақсад қиляпмиз. Умид қиламизки, бу ерда яхши ривожланиш имкониятларига эга бўламиз. Инвесторларга Ўзбекистонда жуда яхши таклифлар бор. Ўйлайманки, Туркманистон билан бу савдо алоқалари бизнинг фаолиятимизда самарали бўлади.
— Мен Хитойдан келиб Хоразмда кўп йиллардан буён бизнес юритаман, —дейди хитойлик инвестор PENG ZHONG CHUAN. —Асосан автомабиллар учун жиҳозлар ишлаб чиқариш ва кимё саноати билан шуғулланаман. Ўзбекистон сўнгги йилларда жадал ривожланаётганлигининг гувоҳиман. Мазкур эркин савдо мажмуасидаги божхона ва бошқа имкониятларга қизиқяпман. Келгусида бу ерда ҳам савдо фаолиятимизни йўлга қўймоқчимиз. Туркманистон билан алоқа қилиш истагидаги хитойлик шерикларим бор. Улар ҳам бу имкониятдан фойдаланишни исташмоқда.
Эркин савдо мажмуасининг тантанали очилиши — икки қардош мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик ришталари тобора мустаҳкамланаётганининг ёрқин исботи бўлди. тантанали маросим нафақат иқтисодий алоқаларнинг, балки дўстлик ва ўзаро ишончнинг ҳам янги босқичга кўтарилаётганидан дарак берди.
Тадбир доирасида юртимизнинг тадбиркорлари, инвесторлари ва кенг жамоатчилик вакиллари дастлаб Туркманистон чегара пости ҳудудида барпо этилган савдо комплексига ўтиб, унинг имкониятлари билан батафсил танишдилар.
Қардош туркман халқи меҳмонларни очиқ юз, самимий табассум ва анъанавий меҳмоннавозлик билан кутиб олди. Кенг майдонда шодухуррамлик, театрлаштирилган томошалар, фольклор жамоаларининг ранг-баранг чиқишлари ва миллий урф-одатларни ўзида жам этган кўргазмалар ташкил этилди.
—Қўшма савдо зонасининг ишга туширилиши тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлиб, икки қардош халқ ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди, —дейди меҳнат фахрийси Оллаёр Бобожонов. — Ишончимиз комилки, ушбу қўшма савдо зонаси нафақат савдо алоқаларини, балки дўстлик ришталарини ҳам мустаҳкамлайди. Давлатларимиз раҳбарлари бошчилигида бугун амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик рамзига айланиши тайин.
[gallery-26296]
Юртдошларимиз мажмуа инфратузилмасини, замонавий хизмат кўрсатиш тизимларини кўздан кечириб, икки халқ ўртасидаги дўстлик кўприги янада кенгаяётганини ҳис этдилар.
Чегараолди савдо зонасининг Шовот ҳудудидаги тадбирлар ҳам тантанавор кечди. Туркманистондан юртимизга меҳмон бўлган бир гуруҳ инсонлар ўзбекона лутф ила қарши олинди. Улар савдо мажмуаси ва бу ердаги шароитлар билан танишдилар. Ўзаро суҳбатларда ҳурмат ва стратегик ҳамкорлик руҳидаги муносабатлар бундан кейин ҳам изчил давом этишини таъкидладилар.
—Бугунги кун тарихий воқелик бўляпди, икки мамлакат ўртасидаги эркин савдо мажмуасининг барпо этилиши халқларимизни янада бирлаштиради, — дейди тошҳовузлик Байрам Омонгалдиев. — Бу икки мамлакат раҳбарларининг доно сиёсати, қўшни мамлакатларнинг ўзаро дўстлик ришталарини янада яхшилашга доир ҳаракатлари боис, деб ўйлайман. Бу мажмуа қардош ўзбек халқини бизга яқинлаштиришга, минг йиллик қадрдонлигимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Шовот-Тошҳовуз” қўшма чегараолди савдо зонаси ишга туширилиши муносабати билан икки томонда ҳам байрамона дастурхонлар безатилиб, нуронийлар “Давлатларимизнинг ҳамкорлигига, халқларимизнинг аҳиллигига кўз тегмасин, дўстлигимиз абадий бўлсин!” дея дуога қўл очдилар.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари