Муносабат
Асрлар давомида қардошлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат руҳида яшаб келган ўзбек ва туркман халқлари муносабатлари бугун давлатлараро стратегик мазмун касб этди. Ҳар икки мамлакат тарихий илдизлар, маданий яқинлик ва иқтисодий манфаатларга таянган ҳолда замонавий ҳамкорликнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратди.
Бу жараёнда 2017 йил 6 март куни Ашхобод шаҳрида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома” янги босқичларга йўл очди. Ўша йилнинг 1 июнида мазкур ҳужжат Ўзбекистон томонидан ратификация қилинди. Конструктив шартнома икки давлатнинг сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамжиҳатлигини чуқурлаштириш, узоқ муддатли иқтисодий дастурларни амалга ошириш, ташқи сиёсий масалаларда ягона позицияни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.
Икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги мунтазам расмий учрашувлари ҳам миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашда рамзий маънога эгадир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 6-7 март кунлари Туркманистонга амалга оширган илк давлат ташрифи айни йўналишда янги даврни бошлаб берди. Масалан, Хоразм ва Тошҳовуз, Бухоро ва Лебап вилоятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар имзоланиши икки халқ ўртасидаги қардошликни янада чуқурлаштирди.
Ўз навбатида 2018 йил 23–24 апрель кунлари Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларини янги босқичга олиб чиқди. Ўшанда 17 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат, жумладан, 250 миллион АҚШ долларлик савдо битимлари имзоланган эди. Бу тарихий воқеа нафақат иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирди, балки халқлар ўртасидаги маънавий яқинликни ҳам кучайтирди.
Иқтисодий алоқаларнинг барқарор ўсиш динамикасига назар ташлайдиган бўлсак, икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик йил сайин янги мазмун касб этиб бораётганига амин бўлиш мумкин. Чунончи, 2017 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 177 миллион долларни ташкил этган бўлса, бугунги кунда Ўзбекистонда туркман капитали иштирокида бир юзу етмишдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Ушбу корхоналар асосан ишлаб чиқариш, тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга, Туркманистонда ҳам ўзбек ишлаб чиқарувчилари иштирокида маиший техника, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги жиҳозларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этилмоқда. Бу каби йирик лойиҳалар нафақат икки томонлама иқтисодий муносабатларни мустаҳкамламоқда, балки минтақавий кооперация ва умумий саноат салоҳиятини оширишда ва қўшимча қиймат яратишда муҳим омилга айланмоқда.
Икки давлат ўртасида транспорт ва логистика йўналишидаги ҳамкорлик ҳам стратегик аҳамият касб этмоқда. Коммуникация тизимларининг интеграцияси нафақат икки мамлакат иқтисодиётини боғлайди, балки Ўзбекистонга Яқин ва Ўрта Шарқ бозорларига энг қисқа йўл орқали чиқиш имконини беради. Шу билан бирга, икки давлат ўртасида таълим-фан, маданият ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Туркманистонда “Халқ рақслари фестивали”, Ўзбекистонда эса “Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялар чорраҳасида” халқаро конференцияси ўтказилиб, икки халқ ўртасидаги маънавий мулоқот янада бойиди.
Ўзбекистонда туркман миллати вакилларининг фаол ҳаёти бу дўстликнинг амалий кўриниши ҳисобланади. Мамлакатимизда қарийб 200 минг туркман миллатига мансуб кишилар истиқомат қилади. Уларнинг миллий тили ва маданиятини сақлаб қолиш учун кенг имкониятлар яратилган. Республика бўйлаб туркман тилида таълим берадиган 61 та мактаб фаолият кўрсатмоқда, уларда тахминан 8 минг нафар бола таҳсил олмоқда, шулардан 21 та мактабда таълим тўлиқ туркман тилида олиб борилади. Қорақалпоқ давлат университети ва Нукус давлат педагогика институтида туркман филологияси бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.
Ўз навбатида, Туркманистонда ҳам ўзбек маданиятига бўлган ҳурмат ва эътибор юқори. Ашхобод шаҳридаги “Тошкент боғи” ва Алишер Навоий номидаги кўчалар, маданий марказлар икки халқнинг маънавий муштараклигининг рамзи бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода халқ оғзаки ижодида минг йилларки, яшаб келаётган “Гўрўғли” эпоси ҳам бу муштарак маънавиятнинг ёрқин мисолидир. Достонда акс этган ғоялар – мардлик, адолат, элпарварлик ва инсонпарварлик, қардошлик ҳисси икки халқнинг дунёқарашини уйғунлаштириб, уларни маънавий жиҳатдан бирлаштириб келади. “Гўрўғли” достонлари орқали нафақат ўзбек ва туркман халқлари, балки туркий тилли халқлар ўз версияларида асрлар давомида миллий ғурурни сақлаб, туркий халқлар бирлиги ва қардошлиги ғояларини авлоддан-авлодга етказиб келган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 16-17 ноябрь кунлари Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов давлат ташрифи билан юртимизда бўлди.
Ўзбекистон ва Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорлик – сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика, маданий ва гуманитар соҳаларда кенгайтириш масалалари юзасидан давлат раҳбарлари ўртасида музокаралар ўтказилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари “Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонасининг очилиш маросимида қатнашди. Халқаро ҳамда минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашадилар.
Шунингдек, 16 ноябрь куни Туркманистон Президенти Тошкент шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида ҳам иштирок этишга мувофақ бўлди.
Икки давлат раҳбарларининг доимий мулоқоти, бу каби иқтисодий, маданий алмашинувлар ва таълим соҳасидаги қўшма дастурлар Гўрўғли эпосида акс этган ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва инсонпарварлик ғояларининг замонавий ҳаётда ҳам амалий ифодасидир.
Давлатимиз раҳбарининг очиқ, прагматик ва яхши қўшничиликка асосланган сиёсати ўлароқ, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатлар нафақат тарихий қардошлик ва умумий маданий илдизларга, балки замонавий стратегик шериклик тамойилларига таянган ҳолда янги босқичга кўтарилди. Юксак муносабатлар Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни таъминлашнинг намунаси сифатида халқаро майдонда ҳам юксак баҳоланмоқда.
Ўзаро абадий дўстлик фақат сиёсий ёки иқтисодий муносабатларни эмас, балки умуминсоний қадриятларни – тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ҳурматни ифода этади. Асрлар давомида халқлар қалбида шаклланган дўстлик ва қардошлик руҳи бугун янги мазмун касб этиб, Марказий Осиёда барқарор тараққиёт ва маънавий янгиланишнинг ишончли асосига айланди.
Шерзод ҚУРБОНОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ходими,
эксперт.
ЎзА