Азалий дўст ва қардош халқларнинг тарихида янги саҳифа очиб берган муҳим сана –Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Ушбу қутлуғ кунда икки халқнинг дўстлик, яқин қардошлик, қўшничилик муносабатларидан келиб чиқиб ва ўзаро ҳурмат белгиси сифатида мамлакатларимиз ўртасида дўстона ёрдам алмашилди – Туркманистондан юртимизга суюлтирилган газ партияси етказилди, ўз навбатида Ўзбекистондан қўшни мамлакатга 20 дона замонавий тез ёрдам машиналари жўнатилди.
Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг Тошховуз вилоятлари ўртасидаги “Шовот” чегара божхона постида ушбу сана муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, фахрийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик ва икки халқ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўнгги йилларда Ўзбекистон –Туркманистон муносабатлари дўстлик, яхши қўшничилик анъаналарига таянган ҳолда ривожланаётгани, бугунги кунда стратегик шериклик юксак даражага кўтарилгани таъкидланди.
–Бугунги тадбир том маънода ўзига хос дўстлик байрами ва икки халқ ўртасидаги биродарлик, қон-қардошлик, меҳр-оқибат тантанаси сифатида қалбимизга ғурур-ифтихор бахш этиб, азалий ришталарнинг янги замонда янада мустаҳкамланиб, янгича руҳ ва амалий жараёнларда бардавом бўлаётганидан нишонадир, – дейди меҳнат фахрийси Аминбой Вафоев. – Тараққиётнинг ойдин йўлларига чиқиб олган Ўзбекистон ва Туркманистон давлатлари муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамда Туркманистон Республикаси Президенти Сердар Бердимуҳамедовларнинг дўстона ҳамкорлиги туфайли икки миллат дўстлиги, қардошлиги янги босқичга кўтарилмоқда. Жорий йилда минтақамизда кузатилган аномал совуқ иқлими шароитида бир-бирини қўллаб-қувватлаб кенг қамровли шерикчилик йўлга қўйилгани давлатларимизнинг боқий дўстлик ришталари билан боғланганини яна бир бор намоён этди.
– Биз азал-азалдан бир тупроқда яшаб, ерлари ерларига, диллари дилларига туташиб кетган, орзу-умидлари, мақсад-муддаолари, тили, адабиёти ва маданияти муштарак халқмиз, – дейди Давлатназар Ражабов. – Туркманистондан мамлакатимизга газ юборилгани, Ўзбекистондан эса тез тиббий машиналари жўнатилгани ҳам давлатларимиз ўртасидаги ишончли ҳамкорлик мустаҳкамлигидан далолат беради. Бундай эзгу ҳамкорлик ва саъй-ҳаракатлардан фақат давлатларгина эмас, балки туркман ва ўзбек халқи ҳам манфаатдордир. Шунинг учун ҳам мен Хоразм вилоятида истиқомат қилаётган ўн мингдан ортиқ туркманлар номидан мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган инсонларга миннатдорчилик билдираман.
Албатта, ҳамкорлик алоқаларимиз минтақамизда ҳукм суриб турган тинчлик-омонлик, сиёсий ва иқтисодий барқарорлик муҳитида янада кенг қулоч ёзади. Бугунги тарихий саналар, тадбир ва учрашувлар икки дўст халқнинг, давлатнинг равнақи йўлидаги улуғвор ниятларига қанот бағишлайди.
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА мухбири