Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Туркманистон: Азалий дўстлик ва яхши қўшничилик минтақавий тараққиёт асоси
14:18 / 2025-12-12

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Айтиш керакки, давлат раҳбарлари даражасидаги мулоқотлар ва амалий келишувлар барқарорлиги минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда, дейиш мумкин.

Жорий йилнинг январь ойида Тошкентда бўлиб ўтган ташқи ишлар вазирлари музокаралари якунида икки мамлакат томонидан 2025–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури муносабатларимизни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайдиган протоколь сифатида баҳоланади. Мазкур келишувлар икки томонлама алоқаларни кенгайтириш ва ривожлантириш пойдеворини янада мустаҳкамлади. 

Икки қардош ўлка ўртасида сиёсий мулоқотлар изчил давом этмоқда. Хусусан, кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Ашхобод шаҳрида учрашиб, давлатларимиз ўртасида сиёсий-иқтисодий, гуманитар, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича фикр алмашдилар. Учрашувда савдо айланмаси 2025 йил бошидан бери 1 миллиард доллар атрофида бўлгани, Шавот – Дашоғуз чегара савдо зонаси муваффақиятли фаолият юритаётгани, юк ташиш ҳажми 30 фоизга ошгани ва бошқа соҳалардаги жиҳатлар алоҳида таъкидланди.

Расмий маълумотларга кўра, ўзаро савдо тенг даражада ривожланмоқда ва икки давлат товар алмашинувини кенгайтиришга йўналтирилган механизмлар ишлаб чиқилган. Масалан, иқтисодий лойиҳалардан бири сифатида Шавот – Дашоғуз чегара савдо зонаси ташкил этилгани, логистик жараёнларни енгиллаштириши ва савдо ҳажмини юқори даражага ошириши кутилмоқда. 

Шунингдек, транспорт, қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш мақсадида янги келишувлар имзоланмоқда. Жумладан, бугунги кунгача икки давлат ўртасида логистика инфратузилмасини такомиллаштириш, транспорт йўлакларини диверсификация қилиш ва савдо жараёнларини соддалаштириш йўналишида кўплаб келишувлар мавжуд. 

Қайд этиш керакки, маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар ҳам икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнамоқда. Турли санъат фестиваллари, маданий тадбирлар, таълим ва педагогик алмашинувларнинг ҳар икки ўлкада ҳам йўлга қўйилгани икки давлат аҳолиси ўртасида маданий яқинлик ва ўзаро тушунишни янада кучайтирмоқда. Бундай ташаббуслар нафақат халқлар ўртасида дўстлик ифодаси, балки уларнинг тарихий ва маънавий меросини асраш, ривожлантириш ҳамда келажак авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этади. 

Умуман олганда, савдо-иқтисодий алоқаларнинг изчил ўсиши, транспорт ва логистика йўналишидаги янги имкониятлар, маданий-гуманитар алмашинувларнинг фаоллиги ўзаро манфаатли муносабатларнинг барқарор асосга эга эканлигини кўрсатмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлиги нафақат икки давлат ривожига, балки бутун минтақада тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда, дейиш мумкин.

Дилшод Ҳакимов, ЎзА