French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Туркия: таълим соҳасида ҳамкорлик янги босқичда
19:15 / 2022-01-25

ФОТОРЕПОРТАЖ

Туркия иқтисодиёт ва технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов Туркия иқтисодиёт ва технология университети ректори Юсуф Саринай билан учрашди.

Учрашувда Адҳам Икромов меҳмонга ташриф учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон ҳамда Туркия давлатлари ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик, хусусан, олий таълим тизимидаги алоқалар тобора ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Туркия иқтисодиёт ва технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ушбу ҳамкорлик самараси эканлигини қайд этди.

Туркиялик ҳамкор Юсуф Саринай ҳозирги кунда икки мамлакатнинг бир қатор университетлари ректорлари ўртасида тажриба алмашиш тизими яхши йўлга қўйилганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистонда Туркиянинг яна бир қанча университетларини очиш режалаштирилаётганини айтиб ўтди.

Учрашув давомида Туркия иқтисодиёт ва технология университети Тошкент шаҳри филиали ижрочи директори Д. Бегматованинг филиал фаолияти, ўқув тизимини ривожлантириш бўйича ташкил этилган ишлар ҳақидаги тақдимоти тингланди.

Маълумки, 2020 йил 17 июнда мамлакатимиз таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ва халқаро таълим стандартлари асосида тадбиркорлик соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш мақсадида Туркия иқтисодиёт ва технология университетининг Тошкент шаҳрида филиалини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинган эди.

[gallery-5557]

Ушбу қарор асосида 2020 йил 29 август куни Тошкент шаҳридаги Туркиянинг Иқтисодиёт ва технология университетининг филиалига “Халқаро бизнес ва тадбиркорлик” ҳамда “Электрон тижорат ва технологияларни бошқариш” йўналишлари бўйича биринчи кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. 2020/2021 ўқув йилида коронавирус пандемияси туфайли TOBB ETÜ Aнқара университети профессор-ўқитувчилари томонидан университетда таълим жараёни онлайн тарзда олиб борилди. Жорий ўқув йилидан эса мазкур олийгоҳда қўшимча равишда “Aрхитектура” ва “Ички архитектура ва атроф-муҳит дизайни” каби янги таълим йўналишлари очилди. Университет 2021 йил 19 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспексиясидан таълимнинг барча йўналишлари бўйича таълим фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олди.

Университетда бугунги кунда 61 нафар талаба таҳсил олмоқда. Улардан 13 нафари тўлиқ грант асосида, 10 нафар талаба қисман грант ва имтиёзлар билан таъминланган ҳолда сабоқ олаётир. Таълим тўлиқ инглиз тилида олиб борилади, TOBB ETÜ Анқара томонидан зарур ўқув материаллар тақдим этилган.

Тақдимот давомида университет томонидан талабаларга яратиб берилган шароитлар, таълим жараёнини дуал тизимда давом эттириш бўйича режалаштирилаётган лойиҳалар кўрсатиб ўтилди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур университетининг Тошкент шаҳрида ва айнан Савдо-саноат палатаси қошида ташкил этилиши, келгусида етишиб чиқадиган кадрларнинг иқтисодий билимини амалий мустаҳкамлаш имконини беради.

Учрашувда Туркия иқтисодиёт ва технология университетининг Тошкент шаҳри филиали фаолиятини янада такомиллаштириш, талабаларнинг сифатли билим олиши учун юқори стандартларга жавоб бера оладиган замонавий технологияларни жалб қилиш ҳамда ўқитувчиларнинг билим савиясини янада юксалтириш борасида таклифлар билдирилди.

Камола Юсупова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА.