Туркия қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Бекир Пакдемирли бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида икки давлат тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ташкил этилди.
Анжуманда Туркия ва Ўзбекистон ўртасида янги савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатиш, уруғчилик, интенсив боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди, икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги савдо битимлари имзоланди.
- Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига 2019 йилдан буён 66 лойиҳа доирасида 401 миллион доллар миқдоридаги турк инвестицияси жалб этилган, - дейди Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев. - Бугунги кунга қадар 42 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилди. Пахта ва ғалладан ташқари 80 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти салоҳиятига баҳо берилди. Куни кеча туркиялик тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, муаммолар, тўсиқлар ва таклифлар юзасидан гаплашиб олдик. Албатта, муаммоларни бартараф этиш, қизиқарли таклифларни амалга ошириш устида ишлаймиз. Давлат - бизнес, бизнес - бизнес форматида турли даражадаги мулоқот платформалари яратиш ҳар икки томон эҳтиёжини яхшироқ тушуниш, инвестиция ва янги технологияларни жалб этишга хизмат қилади. Буларнинг бари пировардида ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга олиб келади.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Масалан, 2020 йил мамлакатимиз Туркия Республикасига умумий қиймати қарийб 21 миллион долларлик мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулоти етказиб берган. 2021 йил давомида айни кўрсаткич 23,8 миллион долларга етди.
2020 йил февраль ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Анқарага ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Туркия Республикалари ўртасида 2020-2021 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича «Йўл харитаси» имзоланган. Уруғчилик соҳасида ҳам изчил шериклик мавжуд. Биокимёвий моддалар, уруғлар, қишлоқ хўжалиги экинлари устида тадқиқот олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот станциясида синовдан ўтказиш учун Туркиядан 30 навдаги жами 2,5 минг туп сабзи, помидор, бодринг, қалампир ва бақлажон кўчати олиб келиниши кутиляпти.
Туркия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш ҳажмига кўра дунёда ўнинчи, чорвачилик бўйича Европада биринчи ўринда туради. Бу мамлакатнинг глобал иқтисодиётдаги ўзига хос нуфузидан дарак беради. Шунингдек, Туркия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хилма-хиллиги кўрсаткичи бўйича ҳам юқори ўрнини сақлаб келмоқда. Бизнес-форумда Ўзбекистон - Туркия уруғчилик илмий-тадқиқот ҳамда Уруғликни рўйхатга олиш ва сертификатлаш марказларини ташкил этиш жараёни, республикамизда фермерларга яратилаётган кенг имкониятлар, қулайлик ва имтиёзлар тақдим этилди. Икки давлат ишбилармон доиралар вакиллари ўзаро тажриба алмашдилар.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА