Муносабат
Маълумки, муштарак тарих, умумий тил илдизлари, маънавий қадриятлар ва ислом цивилизациясига хос анъаналар Ўзбекистон ва Туркия халқларини асрлар оша боғлаб келмоқда. Қардошлик ва ўзаро ишончга асосланган бу алоқалар бугунги кунда кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилиб, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда изчил ривожланмоқда.
Жорий йил 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига амалга оширган навбатдаги расмий ташрифи икки қардош давлат ўртасидаги муносабатлар тарихида янги, мазмунан янада бой ва стратегик аҳамиятга эга босқични бошлаб берди.

Хусусан, ташриф доирасида дастлаб давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашувида ва кейинчалик олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилишида Ўзбекистон – Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Жумладан, сиёсий мулоқотнинг жадал суръатда ривожланаётгани, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан икки давлат позицияларининг ўхшашлиги мамнуният билан қайд этилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга, ташриф давомида эришилган келишувлар иқтисодий ҳамкорликнинг мутлақо янги имкониятларини очиб беради. Шу боис, ўзаро савдо ҳажмини амалдаги 3 миллиард доллардан, келгуси йилларда 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қатъий белгилаб олинди. Бу мақсадга эришишда Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сони изчил ошиб бормоқда. Қўшма корхоналарнинг умумий сони 2,2 мингтадан ошгани, ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми қарийб 10 миллиард долларга етгани ҳамкорликнинг амалий самарасини яққол кўрсатади.
Эндиликда, саноат, кончилик, қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун йил охирига қадар Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан делегациялар ҳамкор ҳудудлар билан лойиҳалар портфелини ишлаб чиқиши белгиланди.
Шунингдек, мудофаа ва хавфсизлик, кибержиноятчиликка қарши курашиш, миграция масалаларида ҳамкорликни кучайтириш бўйича имзоланган ҳужжатлар замонавий таҳдидларга қарши биргаликда курашишга хизмат қилади. Ядро хавфсизлиги ва радиацион ҳимоя соҳасидаги ҳамкорлик эса халқаро хавфсизликни таъминлашда муҳим қадамдир.
Қолаверса, Ҳатай вилоятида “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг барпо этилиши ҳамда Истанбул шаҳрида ўзбек мактаби қурилишига старт берилиши Ўзбекистон – Туркия муносабатларининг фақат сиёсий ёки иқтисодий манфаатлар билан чекланиб қолмаётгани, балки инсонпарварлик, ҳамжиҳатлик ва маънавий яқинликка асосланганини яққол намоён этди. Бу ташаббуслар қардош халқлар ўртасидаги дўстликни амалий ишлар билан мустаҳкамлаётганининг ёрқин далилидир.
Қонунчилик палатаси депутати сифатида алоҳида таъкидлаш жоизки, парламентлараро алоқаларнинг фаоллашуви Ўзбекистон – Туркия муносабатларининг мустаҳкам пойдеворларидан бири ҳисобланади. Хусусан, дўстлик гуруҳлари доирасидаги мулоқотлар, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчилик ташаббуслари икки давлат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Умуман олганда, Ўзбекистон – Туркия муносабатларидаги бугунги юксак босқич нафақат давлатлар ўртасидаги стратегик манфаатларни, балки ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёти, барқарор келажаги ва муносиб турмушини таъминлашга қаратилган ҳамкорлик намунаси сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Қолаверса, ушбу ташрифни нафақат икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, балки минтақа ва халқаро майдонда барқарор тараққиёт, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни кучайтириш йўлида муҳим қадам сифатида эътироф этиш мумкин.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА