Шу кунларда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раҳбарияти хизмат сафари билан Туркияда бўлиб турибди.
Ушбу сафардан кўзланган мақсад гидроэнергетика соҳаси бўйича томонлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва янги лойиҳаларни татбиқ этишга қаратилган.
Сафар чоғида икки томон вакиллари ўртасида бир қатор учрашувлар ўтказилди. Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги “DOLSAR Engineering” компанияси бош офисида ташкил этилган музокара улардан биридир.
Мулоқот чоғида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ва “DOLSAR Engineering” компанияси бошқаруви раиси Ирфан Акер икки мамлакат ўртасида ушбу йўналишда биргаликда ишлаш, тажриба алмашиш ва лойиҳаларни татбиқ этиш яхши натижа беришини қайд этди.
[gallery-17731]
Ўзаро учрашув натижаларига кўра, ушбу компаниялар ўртасида умумий қиймати 52 миллион долларга тенг 3 та лойиҳани амалга ошириш юзасидан шартномалар имзолашга келишилди.
Унга мувофиқ, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Пском дарёсида “Толдиқсой ГЭС” ва “Қоронғитўқай ГЭС” қурилишида ТИАсини ишлаб чиқиш, Наманган вилояти Норин дарёсида “Норин ГЭС”лар каскади қурилишида ПМС хизматлари ва Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Пском дарёсида “Пском ГЭС” лойиҳасининг тўғони қурилишида ПМС пудратчи хизматлари бўйича ҳамкорликда ишлар бажарилади.
Хизмат сафарининг галдаги учрашуви “Özaltin Holding” компанияси офисида бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ва “Özaltin Holding” компанияси бош директори Музеффер Ўздемир икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик доирасида истиқболли лойиҳалар устида ишлаш масалаларини муҳокама қилди.
Тадбирда икки томоннинг ушбу йўналишдаги истиқболли лойиҳалари тақдим этилди.
Мулоқот чоғида “Özaltin Holding” компанияси бош директори Музеффер Ўздемир “Пском ГЭС” қурилиши доирасида тўғон бунёд этишда (тендер орқали) қатнашиш истагини билдирди.
Ўзбекистон-Туркия бизнес форуми доирасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва “DOLSAR Engineering” компанияси ўртасида Наманган вилояти Норин дарёсида “Норин ГЭС”лар каскади қурилиши лойиҳасида ПМС хизматларини кўрсатиш юзасидан келишув битими имзоланди.
Шунингдек, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва “Özaltin Holding” компанияси ўртасида ҳам ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашга эришилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА