French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон туризмининг янги зафарлари
10:00 / 2026-01-06

Ўзбекистон деганда жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида нафақат Буюк ипак йўлининг тарихий гавҳари, балки жадал ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати туфайли янгича қиёфа касб этаётган замонавий мамлакат гавдаланмоқда.

Мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар бугун ўз мевасини бера бошлади. Ўзбекистон фуқаролари эндиликда жаҳоннинг кўплаб мамлакатига визасиз ёки виза олишнинг соддалаштирилган тартиби асосида саёҳат қилиш имконига эга бўлди. Бу юртимизда олиб борилаётган тинчликсевар ва дўстона ташқи сиёсатнинг, мамлакатимиздаги барқарорлик ва очиқликка бўлган халқаро ишончнинг амалий ифодасидир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси билан туризм соҳаси миллий иқтисодиётнинг стратегик йўналиши сифатида белгиланиши соҳада туб бурилиш ясади. Илгари туризм деганда фақат тарихий обидаларни томоша қилиш тушунилган бўлса, бугунги кунда бу соҳа замон талабларига мос равишда зиёрат туризми, экотуризм, этнотуризм, тиббиёт ва гастрономик туризм каби кўплаб йўналишларни қамраб олди. 

Президентимизниг “Ўзбекистон — дунё учун очиқ” тамойили асосида қабул қилган тарихий қарорлари натижасида 90 дан ортиқ давлат фуқаролари учун визасиз режим жорий этилгани мамлакатимизни Марказий Осиёдаги энг йирик сайёҳлик хабига айлантирди. 2025 йил якунларига кўра юртимизга келган хорижий сайёҳлар сонининг 11 миллиондан ошиши бу сиёсатнинг қанчалик тўғри эканини исботлаб турибди. Ўзбекистон туризмининг асосий устунлари бўлмиш Самарқанд, Бухоро ва Хоразм бугун дунё сайёҳлари учун мўъжизалар маконига айланган. 

"Ер юзининг сайқали" бўлмиш Самарқандда Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган "Ипак йўли" халқаро туризм маркази ва ундаги "Боқий шаҳар" мажмуаси минтақадаги энг йирик конгресс-холл ва дам олиш маскани сифатида эътироф этилмоқда. Бугун Самарқанд нафақат тарихий обидалари, балки йирик халқаро саммитлар мезбони, дунё сиёсати ва туризми шаклланадиган муҳим майдонга айланди. 

Бухорои шарифда эса зиёрат туризми ва ҳунармандчилик анъаналари янгича мазмун билан бойитилмоқда. Тарихий марказнинг асл қиёфасини сақлаган ҳолда замонавий сервис инфратузилмасининг яратилиши сайёҳларнинг бу ерда қолиш муддатини икки баробарга оширди. Қадимий Хоразмнинг "Очиқ осмон остидаги музей"и — Ичан қалъа эса дунёнинг энг яхши туризм қишлоқлари ва шаҳарлари рўйхатидан мустаҳкам ўрин олди. Хоразмда туризмни ривожлантириш орқали ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти янги босқичга чиқиб, миллий қадриятларимизни жаҳонга кўз-кўз қилиш имконияти кенгайди.

Аслида, туризмнинг ривожланиши шунчаки рақамларнинг ўсиши эмас, балки халқимиз фаровонлигининг ошиши демакдир. Бугун энг чекка ҳудудларда ҳам меҳмон уйларининг ташкил этилиши, миллий ҳунармандчиликнинг қайта тикланиши минглаб янги иш ўринларини яратмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, битта сайёҳнинг келиши ўнлаб соҳаларнинг, жумладан, транспорт, сервис, озиқ-овқат саноати ва маданият марказларининг ишлашига туртки беради. Самарқанд, Бухоро ва Хоразмнинг туризм салоҳияти бугун жаҳоннинг энг нуфузли нашрлари эътиборида бўлиб, бу қадимий кентлар Янги Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишда асосий локомотив вазифасини ўтамоқда.

Ўзбекистон фуқароларининг чет элга саёҳат қилиш имкониятлари кенгаётгани ҳам давлатнинг ўз халқига бўлган ғамхўрлиги натижасидир. Хорижий давлатлар билан имзоланаётган келишувлар, ҳаво йўлларининг либераллаштирилиши ва янги авиакомпанияларнинг кириб келиши натижасида ўзбекистонликлар учун дунё эшиклари кенг очилмоқда. Бу эса ёшларимизнинг дунёқараши кенгайишига, халқаро тажриба ўрганишига ва пировард натижада юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишига хизмат қилади. Мамлакатимиз паспортининг кўплаб давлатда эркин қабул қилиниши — бу давлатимизнинг халқаро майдондаги муваффақиятли дипломатияси ва ички ислоҳотларнинг уйғунлиги натижасидир.

Ўзбекистонда туризмнинг янги даври бошланди. Президентимиз томонидан илгари сурилган ва соҳани янги босқичга олиб чиққан ташаббуслар нафақат мамлакатимизни иқтисодий жиҳатдан юксалтирмоқда, балки Янги Ўзбекистоннинг дунёдаги энг хавфсиз, меҳмондўст ва жозибадор манзил эканини яна бир бор тасдиқламоқда. Самарқанднинг улуғворлиги, Бухоронинг файзи ва Хоразмнинг сирли тарихи билан дунёни мафтун этаётган Ўзбекистон учун куплаб давлат билан ўрнатилган соддалаштирилган виза тартиби — бу ҳали бошланиши. Келажакда Ўзбекистон паспорти дунёнинг исталган нуқтасида ҳурмат ва ишонч билан қарши олинадиган, юртимиз эса миллионлаб инсонлар орзу қиладиган жаҳон сайёҳлик марказига айланади. Биз бугун нафақат тарихимиз, балки келажак сари ташлаётган мана шундай дадил ва очиқ қадамларимиз билан ҳам дунёни ҳайратга солишда давом этамиз.

Алоуддин Ғаффоров,

ЎзА