Ўзбекистон туризми тарихий рекордни янгилаяпти
Мамлакат тарихида биринчи марта хорижий сайёҳлар сони рекорд кўрсаткични намойиш этяпти – 2025 йил апрель ойидан бошлаб Ўзбекистон ҳар ойда 1 миллиондан зиёд хорижий сайёҳларни қабул қилмоқда.
Шу тариқа, жорий йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистонга 8,6 миллиондан ортиқ хорижий турист ташриф буюрди, бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 112,5 фоизга кўпдир.
Туризм қўмитаси хабар беришича, 2025 йилда туристик хизматлар экспорти ҳам рекорд даражага етиб, 3,6 миллиард доллардан ошган.
Маҳаллий туризм соҳасидаги мислсиз ютуқлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг чуқур ислоҳотлари ва мамлакатнинг туристик салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилган мақсадли саъй-ҳаракатлари натижасидир,– дейилади хабарда.
Етакчи жаҳон медиа платформалари билан фаол ҳамкорлик, халқаро кўргазмаларда иштирок этиш ва чет эл оммавий ахборот воситаларида чоп этилган мақолалар юртимиз брендини глобал миқёсда сезиларли даражада мустаҳкамлади.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА