Қарор ва ижро
Қаерда тинчлик, хотиржамлик бўлса, ўша ҳудуд инвесторларни ҳам, туристларни ҳам кўпроқ қизиқтиради. Ўзбекистон шу жиҳатдан доим эътиборда бўлган.
Мамлакатнинг туристик салоҳияти, қолаверса, сайёҳлар оқимининг кўплиги, уларга алоҳида эътибор қаратиш зарурати инобатга олиниб, бундан бир неча йил муқаддам юртимизда хавфсиз туризм тизими шакллантирилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 майдаги қарорига мувофиқ Ички ишлар вазирлигида Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил этилди.
Мазкур бошқарма сайёҳлик намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида тезкор вазиятни тизимли таҳлил қилиш, содир этилган ҳуқуқбузарликлар сабаблари ва шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этиш юзасидан манзилли чора-тадбирлар амалга оширилишини ташкил этмоқда.
Туристларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари, ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилинишини мувофиқлаштириш йўлга қўйилган. Туристларнинг мурожаатлари тезкор ва сифатли кўриб чиқилиши таъминланмоқда.
Ички ишлар вазирлиги Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармасидан маълум қилишларича, хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари фаолияти, манзили, телефон рақамлари акс этган ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги жами 44 баннер ва LED-мониторлари ўрнатилган.
Туризм намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳамда уларга туташ ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва бу борадаги фаолиятни мувофиқлаштирган ҳолда бошқариш мақсадида Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасида Ситуацион марказ ташкил этилган. Ситуацион марказ ахборот таъминоти туристик объектларга ўрнатилган “SOS” ташвиш тугмаларига уланган.
Самарқанд шаҳрида патруллик қилувчи ХТТБ, ЙҲХБ ва ППХБ автотранспорт воситаларида “GPS” тизими ўрнатилган бўлиб, Геолокацион харита билан интеграция қилинган.
Бу каби Ситуацион марказ Қашқадарё вилояти ИИБ ХТТБнинг Шаҳрисабз шаҳридаги маъмурий биносида ҳам ташкил этилган.
Бухоро вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг замонавий биносидаги Ситуацион марказ ҳам зарур ахборот-коммуникация воситалари ва жиҳозлар ҳамда зарурий дастурий таъминот билан таъминланмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 мартдаги қарорига асосан “Чорвоқ” эркин туристик зонасида “Хавфсиз туризм” дастурий комплекси жорий этилди. Лойиҳани амалга ошириш доирасида Бўстонлиқ туманининг Хўжакент қишлоғи ҳудудида Тошкент вилояти ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг маъмурий биноси ҳамда “Хавфсиз туризм” АДКнинг Ситуацион маркази барпо этилди.
Айни пайтда Хоразм вилояти Хива шаҳри ҳудудида вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси учун алоҳида маъмурий бино ва Ситуацион марказ қурилмоқда.
Бундан ташқари, Хива шаҳрида жойлашган “Ичан қалъа” давлат музей қўриқхонаси ва унга туташ ҳудудлардаги ижтимоий объектларга видеокузатув (шу жумладан интеллектуал) камералари ва “SOS” ташвиш тугмаларини ўрнатиш ҳамда уларни оптик толали алоқа линиялари орқали Ситуацион марказга улаш ишлари олиб борилмоқда.
ИИВнинг 2020 йил 30 январдаги буйруғи билан Вазирлик Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси тузилмасида туристларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича “Call-марказ” ташкил этилди.
ИИВнинг “102” марказлашган тизими доирасида “Call-марказ”нинг республика бўйича телефон орқали туну кун мурожаат қилиш имконини берувчи “1173” қисқа рақами ишга туширилди.
Ички ишлар органлари хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан 2021 йил 7 ойда республикамизга келган 1,1 миллиондан ортиқ (2019 йилда 8 миллиондан ортиқ, 2020 йилда 2 миллиондан зиёд) чет эл фуқароларнинг ҳамда 2,2 миллиондан ортиқ (2019 йилда 13 миллион, 2020 йилда 4,5 миллион) маҳаллий сайёҳларнинг хавфсизлиги таъминланди.
Ушбу даврда хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан 33 (2019 йилда 84, 2020 йилда 27) хорижий давлат ва ташкилотларнинг 202 (2019 йилда 993, 2020 йилда 62) делегациясини кутиб олиш, хавфсизлигини таъминлаш ва кузатиш билан боғлиқ тадбирлар ташкил этилиб, ташрифлар давомида кўнгилсиз ҳолатларга йўл қўйилмади.
Ташриф объектларида хизмат олиб бораётган хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларига турли масалаларда ёрдам сўраб 8,5 минг (2019 йилда 57 минг, 2020 йилда қарийб 15 минг) хорижий ҳамда 36 мингга яқин (2019 йилда 43 минг, 2020 йилда 26,3 минг) маҳаллий туристлар мурожаат қилган ва уларнинг барчасига амалий ёрдам кўрсатилган.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг 85 (2019 йилда 34, 2020 йилда 888) мурожаати кўриб чиқилиб, ечимини топган. Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан жами 6 мингдан зиёд (2019 йилда 8,6 минг, 2020 йилда 5,3 минг) турли йўналишда профилактик тадбирлар ўтказилган.
Туристларга нисбатан содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА