Бугун аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, айниқса, инсон қадрини улуғлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезонига айланди.
2022–2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантиришга қаратилган Тараққиёт стратегиясида ҳам аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш орқали камбағалликни қисқартириш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш каби бир қатор устувор вазифалар белгиланган.
18-23 апрель кунлари “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков водий вилоятларида бўлиб, жойларда Тараққиёт стратегияси ҳамда Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси билан яқиндан танишди. Хусусан, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги таълим, соғлиқни сақлаш каби ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли бандлигини таъминлаш учун қуриб фойдаланишга топширилган ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини ўрганиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказди.
Жумладан, ташриф доирасида туманнинг Кичик Оқмачит маҳалласидаги 42-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси, маҳаллада ташкил этилган оилавий корхоналар фаолияти ҳамда секторлар томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ташриф якунида Э.Туляков тумандаги сектор раҳбарлари ҳамда муттасадди ташкилотлар вакилларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш, бунда аҳолини янги иш ўринлари, малакали тиббий ва таълим хизматлари, шунингдек, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги юзасидан ўз фикр ва тавсияларини билдирди.
ЎзА