Ўзбекистон – Тожикистон савдо айланмаси 1 миллиард долларга етади
Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Бош вазири Aбдулла Aрипов ва унинг тожикистонлик ҳамкасби Коҳир Расулзода раислигида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Делегация раҳбарлари сўнгги йилларда товар айирбошлаш ҳажми ўсиб, 2023 йил 757 миллион долларга етганини таъкидлади. Икки мамлакат саноат кооперацияси, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида қўшма лойиҳалар бўйича ишни фаоллаштириш орқали яқин йилларда савдо айланмаси миқдорини 1 миллиард долларга чиқариш нияти маълум қилинди.
Ўзбекистон ва Тожикистон халқаро чегара савдо ҳудуди яратиш, чегарадош вилоятларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бошқа давлатларга экспорт қилиш учун улгуржи тарқатиш марказлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
ЎзА