Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Ўзбекистон Республикасидаги ўз фаолиятини якунлаётган Тожикистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзодани қабул қилди.
Мулоқотда Н.Исмоилов элчининг Ўзбекистон — Тожикистон муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қўшган салмоқли ҳиссасини алоҳида эътироф этди. Элчининг фаол иштироки ва кўмагида турли даражаларда тизимли мулоқот ва самарали алоқалар йўлга қўйилгани, савдо-иқтисодий соҳада сезиларли ютуқларга эришилгани таъкидланди.
Ўз навбатида, Абдужаббор Азиз Раҳмонзода самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, демократик янгиланишлар ва парламентаризмни ривожлантириш соҳаларидаги ислоҳотларни юқори баҳолади.
Учрашув давомида икки давлат парламентлараро алоқаларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Қайд этилдики, сўнгги йилларда парламентлараро мулоқот фаоллашиб, томонлар қонун ижодкорлиги, жумладан, халқаро парламент тузилмалари доирасидаги тажрибаларни ўрганиш мақсадида мунтазам равишда делегацияларнинг ўзаро ташрифлари амалга оширилмоқда.
М.Комилова, ЎзА