Жаҳон матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Хитойнинг етакчи оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Синьхуа” ахборот агентлиги ва “Жэньминь жибао” газетаси саҳифаларида Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон – Тожикистон бизнес форумига бағишланган мақолалар чоп этилди.
“Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш ниятида” сарлавҳаси остида эълон қилинган материалда Тожикистон Президентининг мамлакатимизга ташрифи олдидан ташкил қилинган ишбилармонлар форуми якунлари бўйича умумий қиймати 1 миллиард 62,6 миллион долларлик 75 та савдо-иқтисодий ҳужжат имзолангани қайд этилган.
– Мулоқот чоғида икки мамлакат делегациялари раҳбарлари иқтисодий шерикликни кенгайтириш, юқори технологияли қўшма ишлаб чиқариш истиқболини жадаллаштириш, талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва бозорни ривожлантириш бўйича кооперация алоқасини йўлга қўйиш бўйича салмоқли салоҳият мавжудлигини эътироф этган, – дейилади мақолада.
Ҳар икки ахборот нашри Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ташқи савдо айланмаси сўнгги олти йилда 37 баробар ошгани, 2021 йил бу кўрсаткич 34 фоиз ўсиб, 435 миллион долларга етгани, мамлакатлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказмоқчи эканига эътибор қаратган.
Хитойлик ўқувчиларга форумда транспорт, логистика ва ҳудудлараро ҳамкорлик йўналишида қўшма лойиҳа ва ташаббуслар илгари сурилгани маълум қилинган. Шунингдек, B2G ва B2B шаклидаги учрашувлар иқтисодий имкониятни юқори босқичга олиб чиқиши эътироф этилган.
Б.Худойбердиев, ЎзА