Юртимизда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати иқтисодиётнинг муҳим экспорт йўналишларидан бири сифатида жадал ривожланмоқда. Соҳани модернизация қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш орқали ишлаб чиқариш ҳажми ва экспорт географияси кенгайиб боряпти. Хусусан, кластер тизимининг йўлга қўйилиши хомашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантирмоқда.
Шу билан бирга, халқаро стандартларга мос ва экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг кенгайиши маҳаллий брендларимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да ўз ишини бошлаган “TextileExpo Uzbekistan-2025 Баҳор” 24-халқаро кўргазмаси соҳа ютуқларини кенг жамоатчиликка намоён этаётган муҳим платформага айланди.
Мазкур кўргазма “Iteca Exhibitions” компанияси ҳамда “ICA Eurasia Group” халқаро кўргазма уюшмаси ва қатор маҳаллий ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
– “TextileExpo Uzbekistan” халқаро тўқимачилик ва тикувчилик саноати кўргазмаси илк бор 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсадларидан бири маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини оширишдан иборат. Ўтган йиллар мобайнида кўргазма босқичма-босқич ривожланиб, бозор эҳтиёжлари ва халқаро тенденцияларга мос равишда ўз формати ва номини янгилаб борди. 2018 йилдан эътиборан тадбир “UzTextile Expo” бренди остида ўтказилиб келинган бўлса, жорий йилда у ўзининг тарихий номи, яъни “TextileExpo Uzbekistan”га қайтди. Бу анъанавий тадбир орқали мамлакатимиздаги экспортёр корхоналар билан халқаро ҳамкорлар ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилиб, соҳанинг инновацион ривожига ҳисса қўшилмоқда. Ҳар йили ўтказиб келинаётган ушбу нуфузли тадбир тўқимачилик соҳасидаги ютуқларни намоён этиш, истиқболли лойиҳаларни илгари суриш ва миллий брендларимизни жаҳон бозорида танитишда муҳим ўрин тутади, – деди “Iteca Exhibitions” компанияси бош директори ўринбосари Ойимхон Бобожонова.
[gallery-23337]
Бу йилги кўргазмада 165 дан ортиқ компания ва бренд, шу жумладан, Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Туркиядан вакиллар иштирок этмоқда. Шунингдек, 100 дан зиёд халқаро байерлар, ритейлерлар ва етказиб берувчилар ҳам меҳмон сифатида ташриф буюрган.
Экспозицияларда турли тоифадаги тўқимачилик маҳсулотлари: калава ип, трикотаж ва ипак матолар, уй текстили, поябзал ва аксессуарлар, қайта ишланган материаллар, тиббий текстиль, бўёқ ва кимёвий моддалар, қадоқлаш маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Айниқса, жорий йилда кўргазманинг янги йўналишлар, хусусан, пахта ва тола маҳсулотлари, тайёр кийим-кечак, ички кийимлар, қайта ишланган матолар ва тиббий йўналишдаги тўқималар билан бойитилгани соҳадаги янги тенденцияларнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Эътиборлиси, кўргазма нафақат йирик саноат субъектларини, балки кичик бизнес вакилларини ҳам қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ташкил этилган “Made in Uzbekistan” махсус стенди орқали миллий маҳсулотлар жаҳон ҳамжамиятига намоён этилмоқда. Ушбу стендда ички бозорда ва экспортга мўлжалланган тайёр кийимлар, жинси матолар, уй текстили, иш кийимлари ва турли аксессуарлар ўрин олган.
– Бундай кўргазмалар биз, ишлаб чиқарувчилар учун жуда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади. Бу ерда нафақат маҳаллий, балки халқаро бозор учун ҳам маҳсулотларимизни тақдим этиш имконига эгамиз. Бу галги кўргазмада экологик тоза ва қайта ишланган матоларга асосланган маҳсулотларимизни кенг намоён этяпмиз. Уларни Туркия, Қозоғистон ва бир қатор Европа мамлакатларидан келган харидорлар қизиқиш билан кўздан кечирмоқда. Халқаро алоқалар учун яратилган қулай муҳит эса фаолиятимизни янги босқичга олиб чиқишга замин яратяпти, – деди “Zelal Tekstil” компанияси менежери Ирода Маърупова.
Байерлар дастури эса хорижий ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар билан тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаб, самарали ҳамкорликлар учун янги эшикларни очмоқда.
Маҳаллий ишбилармонларнинг халқаро бозордаги иштирокини таъминлаш, маҳсулот турларини диверсификация қилиш, янги технологияларни жорий этишда бундай тадбирлар ўта муҳим ўрин тутади.
Кўргазма 16 май куни ўз ишини якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА