Бугун Польшанинг “PTAK Warsaw Expo” марказида Европа интерьер саноатининг йирик тадбири – “Warsaw Home & Contract 2025” халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Ушбу кўргазма Европа интерьер саноатининг энг нуфузли тадбирларидан бири ҳисобланади. Тадбир 125 000 м² майдонни қамраб олган бўлиб, унда кўплаб давлатлар ишлаб чиқарувчилари ўз имкониятларини намойиш этмоқда.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Халқаро брендларни жалб қилиш бўлими бошлиғи Абдулазиз Абдураҳимов қайд этганидек, мазкур тадбирда маҳаллий тўқимачилик компаниялари ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши туфайли ўз маҳсулотларини тақдим этяпти.

–Тадбирнинг илк куниёқ ўзбек павильони хорижий харидорлар ва дизайнерлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Маҳаллий компаниялар маҳсулот сифати ва замонавий дизайн ечимлари билан иштирокчилар эътиборини қозонмоқда. Таъкидлаш жоиз, бу каби кўргазмалар Ўзбекистон тўқимачилик саноатига хорижий сармояларни жалб қилиш, илғор технологияларни жорий этиш ва соҳадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, корхоналаримизнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва “Made in Uzbekistan” брендини жаҳон бозорида намойиш этишда қулай фурсатдир, – деди А.Абдураҳимов.
Тадбир доирасида томонлар ўртасида ҳамкорлик учрашувлари ва музокаралар ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кўргазма 25 октябрь куни ўзини якунлайди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА