Тошкентда “Тоғ-кон ва металлургия саноатини ривожлантириш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология ҳамда Молия вазирликлари томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда соҳанинг халқаро ва маҳаллий етакчи корхоналари, нуфузли халқаро молия институтлари ва банклар, салоҳиятли инвесторлар, мустақил экспертлар ва бошқа манфаатдор томонлар иштирок этди.
Анжуманда республика тоғ-кон ва геология саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳага оид ривожланиш тенденцияси, глобал қиймат занжирига боғланиш бўйича қилинаётган ишлар, шунингдек соҳага истиқболли инвесторларни жалб қилиш механизмини такомиллаштириш, кон-металлургия ва мазкур соҳага боғлик саноат тармоклари ўртасида кооперацияни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Омонулла Насриддинхўжаев мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ҳақида атрофлича маълумот берди. Жаҳон банкининг республикамиздаги вакили Раҳимжон Асангазиев соҳада эришаётган ютуқларимиз халқаро миқёсда эътироф этилаётгани, юқори баҳога сазовор бўлаётганини қайд этиб, Жаҳон банки Ўзбекистон билан ҳамкорликка доимо тайёрлигини билдирди.

Маълумки, Ўзбекистон фойдали қазилма турлари – мис, калий тузи, фосфорит, каолин ресурслари бўйича жаҳоннинг етакчи мамлакатлари ўнлигига киради, олтин ва уран ишлаб чиқариш бўйича дунё етакчиларидан бири. Таъкидлаш жоиз, ҳозиргача мамлакатимиз ҳудудининг атиги 40 фоизи ўрганилган, заминимизда тўлиқ очилмаган конлар бисёр. Шу боис Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2022-2026 йилларда геология соҳасини ривожлантириш ва олиб борилаётган ишлар ҳажмини ошириш бўйича беш йиллик давлат дастури тасдиқланган.
Геология-қидирув ишлари ушбу ҳужжат доирасида базавий металл объектларининг 189 таси бўйича амалга оширилади. 2026 йилга келиб амалий иш ҳажми, жумладан, бурғулаш, ер усти тоғ-кон ҳамда 2D ва 3D сейсморазведка ишлари кўлами кескин кенгайтирилади.
Натижада 2022-2026 йилларда олтин захираси қўшимча 731 (йилига 146) тонна, кумуш 1100 (йилига 220) тонна, мис 1310 (йилига 262) минг тонна, уран 28 150 (йилига 5 630) тонна, углеводород хом ашёси 303 миллион тонна кўпайтирилади.

Ҳозир технологик метал ва хом ашё йўналишида литий, графит, алюминий, магний ва ноёб металларни ўзлаштиришга жалб қилиш мақсадида нуфузли хорижий консалтинг компаниялари иштирокида халқаро “JORC” стандартига мувофиқ, захиралар баҳоланиб, лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асоси тайёрланмоқда.
Соҳага инвестиция жалб қилиш дастури доирасида ҳам кенг кўламли иш олиб бориляпти. Умумий қиймати 3,5 миллиард доллардан зиёд истиқболли лойиҳаларга Канаданинг “B2Gold”, Туркиянинг “МТА” ҳамда “Calik Holding”, уран бўйича Франциянинг “ORANO” ва Япониянинг “JOGMEC” компаниялари каби хорижий ҳамкорлар жалб қилинган.
4 сессия шаклида ўтган конференцияда “Геология-қидирув ишини кенгайтириш”, Тоғ-кон саноати учун янги қонуний асос, нима ўзгарди?”, “Ўзбекистон тоғ-кон саноати келажаги: саноат етакчилари қандай фикрда?”, “Яшил” иқтисодиётга ўтиш учун тоғ-кон саноати қиймат занжирини яратиш” мавзулари муҳокама қилинди. Ҳар бир мавзу бўйича мамлакатимиздаги етакчи корхоналар вакиллари, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки мустақил экспертлари, халқаро консалтинг компаниялари вакиллари ва соҳада кўзга кўринган мутахассислар маъруза ва тақдимот билан иштирок этди.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА мухбири