Маълумки, айни пайтда давлатимиз раҳбари Америка Қўшма Штатлари президентининг таклифига биноан амалий ташриф билан Вашингтон шаҳрида бўлиб турибди. Бу ташриф нафақат икки мамлакат муносабатларидаги навбатдаги қадам, балки глобал тинчлик ва барқарорликка дахлдор долзарб масалалар муҳокама қилинаётган тарихий жараённинг бир қисми ҳисобланади.
Айниқса, Тинчлик кенгашининг биринчи йиғилиши АҚШ Тинчлик институтида ўтаётгани ва унда Ғазо секторини тиклаш, гуманитар ёрдам кўрсатиш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш каби ўта муҳим масалалар кун тартибига қўйилгани жаҳон ҳамжамияти диққат марказида турибди.
Эътиборлиси, бу каби юксак даражадаги мулоқотларда Ўзбекистоннинг таъсисчи давлат сифатида иштирок этаётгани ўлкамиз ташқи сиёсатининг фаол, масъулиятли ва тинчликпарвар руҳини яққол намоён этмоқда, дейиш мумкин.
ЎзА мухбири Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари, Тинчлик кенгаши биринчи саммитининг мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги роли ва аҳамияти ҳусусида тарих фанлари доктори, профессор Худойберди Ҳақназаров фикрларини ёзиб олди.
– Сўнгги йилларда мамлакатимиз ташқи сиёсати соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар орқали биз фақатгина икки томонлама ёки кўп томонлама эмас, балки бир қатор етакчи давлатлар билан стратегик шериклик, доимий учрашувлар, яъни, глобал мулоқот даражасидаги асосий ишончли шериклардан бирига айландик. Бу аввало, давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва дунё давлатлари билан кенг кўламли йўлга қўйилган тинчликпарвар мулоқот самарасидир.
Биргина мисол, охирги олти ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасида турли доирадаги тўртта учрашув бўлиб ўтди. Агар солиштириб кўрилса, авваллари у ёки бу доирада, яъни минтақавий кўринишда ёки турли масалалар нуқтаи назаридан мулоқотлар олиб борилган. Эндиликда эса бу жараён мунтазам шериклик масаласига ўтди. Бу ҳолат нафақат минтақавий муаммолар, балки глобал масалаларда ҳам Ўзбекистоннинг аниқ, яхлит позицияси борлигидан далолат беради.
Ҳусусан, 2017 йилдан бошлаб Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг бешта мажлисида бевосита нутқ сўзлади. Ҳар бир чиқишда минтақавий ҳамда глобал миқёсдаги муаммоларга Ўзбекистоннинг аниқ позицияси билдириб ўтилди. Таҳлилчилар диёримизнинг ташаббускор давлат сифатида тутаётган йўлини эътироф этишяпти.
Тинчлик кенгашидаги Ўзбекистоннинг навбатдаги амалий иштироки эса ташқи сиёсатимиздаги сўнгги йилларда олиб борилаётган очиқлик, шаффофлик, дунёга хайрихоҳлик, тинчлик масаласида биринчилардан бўлиб олдинги сафларда туришининг амалий ифодаси сифатида кўриш мумкин.
Тинчлик кенгаши бу аниқ мақсадга йўналтирилган, яъни Ғазодаги вазиятни тиклаш, нафақат у ердаги ҳарбий можароларни тўхтатиш, балки бутун инфратузилмани қайта тиклаш, ижтимоий муносабатларни тартибга солишга хизмат қиладиган тузилма сифатида шакллантирилди. Бу борада Ўзбекистоннинг ўзига яраша тажрибаси бор. Чунки Республикамиз томонидан беш марта “Меҳр” операциялари амалга оширилди. Дунёдаги оловли нуқталардан, ҳарбий низолар бўлиб ўтаётган жойлардан аёллар ва болалар олиб келиниб, реабилитация қилинди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда анча ривожланди. Давлат ва ҳукумат раҳбарлари ўртасидаги мулоқотлар тез-тез амалга оширилмоқда. Учрашувлар кўпайиб борган сари ўзаро ишонч ҳам юксалиб боряпти.
Айтиш керакки, ташқи сиёсатимизнинг кўп векторли бўлиши фақатгина иқтисодиёт эмас, балки миллий манфаат, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги кўп тармоқли алоқаларнинг ривожланишига хизмат қиляпти. Буни турли ижтимоий соҳалар, хусусан, тиббиёт, таълим, маданият, туризм йўналишларида кўриш мумкин. Масалан, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб АҚШ фуқароларига 30 кунлик визасиз режим жорий этилди. Айни пайтда Қўшма Штатлар фуқароларининг юртимизга қизиқиши ортиб бормоқда.
Сўнгги йилларда АҚШнинг 40 дан зиёд университетлари диёримиздаги 25 та олий таълим муассасаларида қўшма таълим дастурлари бўйича фаолият олиб боряпти.
Умуман олганда, бу каби жараёнлар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Учрашув ва мулоқотларда эришилган ҳар бир келишув ҳамда шартномалар ўзининг ижобий самарасини бериши шубҳасиз.
Гўзал Сатторова тайёрлади.
ЎзА