Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятига бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон очиқ, прагматик ва ташаббускор ташқи сиёсати ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги фаол иштироки орқали глобал тинчлик ва дипломатия марказларидан бирига айланиб бораётгани ҳақидаги таъкиди бугун реал воқеаларда ўзининг амалий исботини топмоқда. Бу, айниқса, Ўзбекистон – АҚШ муносабатларида яққол кўзга ташланяпти.
Мамлакатимиз етакчисининг АҚШ Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 17-19 февраль кунлари расмий Вашингтонга қилган навбатдаги амалий ташрифи ва Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишидаги иштироки, шубҳасиз, икки давлат ўртасидаги стратегик муносабатларни янги тарихий босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамият касб этди. Президентимиз Вашингтонда ишбилармонлик дастури доирасида икки томонлама ҳужжатларни имзолашга бағишланган маросим ва қўшма лойиҳалар тақдимотида Ўзбекистон – АҚШ алоқаларига тўхталиб: “Бугунги кунда шериклар ишончли, қоидалар аниқ-равшан, ҳамкорлик эса узоқ муддатли бўлиши етакчи ўринга чиқмоқда. Биз Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорлигимизни айнан шу мантиқ асосида қурмоқдамиз”, – дея таъкидладилар.

Алоҳида қайд этиш лозим, ўзаро стратегик шериклик муносабатлари, айниқса, савдо-иқтисодий ва инвестициявий йўналишларда барқарор ривожланмоқда. Товар айирбошлаш ҳажми сўнгги саккиз йилда тўрт баробар ошди ва бугун 1 миллиард долларни ташкил этди. Юртимиз бозорларида АҚШнинг 340 га яқин компаниялари фаолият кўрсатяпти. Бу қиймати 35 миллиард доллар бўлган уч йиллик Иқтисодий ҳамкорлик дастурига қатъий амал қилинаётганини кўрсатади.
Навбатдаги амалий ташриф ҳам самарали бўлганини дўстона ва самарали руҳда ўтган расмий учрашувлар, имзоланган ҳужжатлар ва келишувлардан ҳам билиш мумкин. Масалан, “Gulf” компанияси Ўзбекистонда яқин икки йилда ғарб стандартларига жавоб берадиган камида 100 та замонавий ва қулай ёқилғи қуйиш шохобчасини ишга туширмоқчи. Шунингдек, магистрал йўллар бўйлаб сайёҳлар ва транзит ташувчилар учун транспорт марказларини ташкил этишни режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида қуриладиган ҳар бир объектда камида 30 та янги иш ўрни яратилади ва бу умумий ҳисобда 3 мингдан ортиқ янги иш ўрини ташкил этилади деганидир.
Яна бир мисол: “Oppenheimer” инвестиция компанияси раҳбарияти мамлакатимизда логистика соҳасида фаолият кўрсатадиган икки миллиард долларлик янги компанияни ташкил этишини маълум қилди. Ушбу лойиҳа орқали “Centrum Air”ни Марказий Осиёдаги энг қимматли компаниялардан бирига айлантириш мақсад қилинган. Бундай мисолларни яна ўнлаб келтириш мумкин.
Президентимиз ташрифнинг асосий тадбири – Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди ва сўзга чиқиб, Ўзбекистон ушбу кенгашни ташкил этиш бўйича тинчликсевар ташаббусни қўллаб-қувватлашини ва унинг муваффақиятли амалга оширилиши борасида ўзининг амалий иштироки қатъий эканини таъкидлади. Жумладан, Ўзбекистон ўзининг инсонпарварлик сиёсатидан келиб чиқиб, ушбу ҳудудда турар жойлар, болалар боғчалари, мактаб ва касалхоналар барпо этишга имкон қадар ҳисса қўшишга тайёр.
Шу ўринда Ўзбекистоннинг ғазоликларни қўллаб-қувватлаш борасидаги хайрли ташаббуслари шунчаки ваъдалар билан эмас, амалий ишларда аллақачон ўзининг тасдиғини топганини таъкидлаш лозим. Хусусан, Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун 2023 йилнинг октябрь ойида БМТнинг Яқин Шарқ бўйича агентлигига 1,5 миллион доллар ажратганди. 2024 йилнинг декабрь ойида эса уруш ҳудудларида азият чеккан 100 нафар фаластинлик болалар ва аёллар юртимизга олиб келиниб, улар давлат томонидан тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилган ва соғломлаштириш сиҳатгоҳларига жойлаштирилган эди.
Ўзбекистоннинг кенгашдаги иштироки мамлакатимизнинг дунёда очиқлик ва шаффофлик, ўзаро тенгликни таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни қарор топтириш сиёсати билан боғлиқ. Номидан ҳам кўриниб турибдики, Тинчлик кенгаши ана шу мақсадлар йўлида ташкил этилган янги тузилма бўлиб, дастлабки ҳаракати Ғазода кескинликни камайтириш орқали можарони тинч йўл билан ҳал қилиш ва ҳудудни ҳар жиҳатдан тиклашга қаратилган. Истиқболда бу тинч ва осойишта ҳаётга эга бўлган Ғазони барпо этиш – мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш имкониятини яратади.
Ўзбекистон эса нафақат Яқин Шарқда, бутун дунёда ҳар қандай кескинликни фақат дипломатия йўли билан – ўзаро келишувлар, бир-бирини ҳурмат қилиш ва тенглик асосида ҳал қилиш тарафдори. Чунки тинч ва осойишта ҳаёт таъминланмас экан, тараққиёт, фаровонлик ҳақида гапириш бефойда.
Гўзал САМИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати