Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон тиббиёти халқимизни рози қиладиган тизимга айланади
10:21 / 2021-11-13

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз лавозимига киришишга бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида халқимиз саломатлигини таъминлаш бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ушбу соҳага йўналтириладиган маблағлар келгуси беш йилда 2 баробар оширилиши бунинг яққол тасдиғидир. Қолаверса, 2026 йилгача олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида минг долларга етказиш мўлжаллангани тиббиёт ходимларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир.  

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси учун ҳам жиддий синов палласи бўлди. Ушбу хавфли хасталик одамларни беҳуда уйдан чиқмасликка мажбур этган вақтда фидойи ва жонкуяр шифокору ҳамшираларимиз аҳолини ана шу балодан асраш, дардига малҳам бўлиш учун ҳатто касаллик ўчоғига кириб, куну тун меҳнат қилишига тўғри келди. Ҳозир ҳам шундай матонат ва жасорат намуналарига гувоҳмиз.

Ўз навбатида, давлатимиз барча имкониятларни ишга солиб, янги-янги шифохона ва карантин зоналарини ишга туширди. Уларни бепул дори-дармон, озиқ-овқат билан узлуксиз таъминлаб турибди. Энг илғор тиббиёт ускуналари ва тез ёрдам машиналари харид қилиниб, хасталикни имкон қадар тезроқ жиловлаш чоралари кўриляпти.  

Муҳими, инсон манфаатлари йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасида соғлиқни сақлаш тизими тубдан такомиллаштириб бориляпти. Жумладан, ўтган қисқа даврда тиббиётнинг уч босқичли миллий модели — бирламчи тиббий санитария, шошилинч тез тиббий ёрдам ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат тизими яратилди. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чоралари кўрилаётир. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлод тарбияси учун яратилаётган зарур шарт-шароитлардан ҳам юртдошларимиз мамнун.

Бирламчи бўғин: оғриқли муаммоларнинг оқилона ечими

Касалликни самарали даволашнинг биринчи шарти — тўғри ташхис. Бироқ яқин йилларгача мамлакатимизда бу борада аҳвол қониқарли бўлмаган. Одамлар жойларда тиббий хизмат сифати пастлигидан оддий касаллик ташхиси ёки муолажаси учун ҳам узоқ йўл босиб пойтахтга, вилоятлар марказларига боришга мажбур эди.

Шу сабабли Президентимиз соҳадаги ислоҳотларни айни шу оғриқли нуқтадан бошлади. Натижада умумий амалиёт шифокори мутахассиси оилавий шифокор, қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиникага айлантирилди. Ушбу мутахассисларнинг терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ёрдамида “тиббий харита”лар орқали манзилли иш олиб бориши йўлга қўйилди.  

Ўз навбатида, самарасиз, моддий техника базаси ночор 3 мингдан ортиқ ҚВП ўрнида 2 мингта поликлиника ва оила шифокорлик пункти ташкил этилиб, аҳолига ўз яшаш манзилларида тўлиқ бепул амбулатор тиббий хизмат кўрсатилиши таъминланди. Оммавий шаклдаги профилактик ва чуқурлаштирилган кўриклар ўрнига эса мақсадли скрининг дастурлари, тотал патронаж ўрнига универсал-прогрессив патронаж тизими жорий қилинди.

Бир сўз билан айтганда, тиббиётнинг бирламчи бўғини тўғридан-тўғри бемор билан ишлайдиган, касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизим сифатида шакллантирилди.  

Оперативлик ҳам, самарадорлик ҳам ошди

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унга бириктирилган республика санитар авиацияси ҳамда Тошкент шаҳри “103” хизмати — шошилинч тиббий ёрдам хизматининг бош муассасаси ҳисобланиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 13 та филиали эл хизматида. Шунингдек, 179 та аҳоли пунктида субфилиаллар фаолият олиб бормоқда.  

Қувонарли жиҳати, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиалларида барча турдаги мураккаб операциялар ўтказилмоқда.

Соҳадаги янгиланишлар тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятида ҳам яққол акс этмоқда. Бунда Президентимизнинг 2018 йил 16 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўляпти.

Хусусан, охирги йилларда “Тез ёрдам”да битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ 500 сўмдан 6500 сўмга оширилди. Шу билан бирга, мамлакатимизда 2016 йилда 800 та “тез ёрдам” шохобчаси ва 1 минг 890 та тез тиббий ёрдам бригадаси фаолият юритган бўлса, айни пайтда уларнинг сони мос равишда 1 минг 666 та ва 2 минг 824 тага етказилди. Беш йил аввал тармоқда бор-йўғи 24 та реанимобиль хизмат кўрсатар эди. Бугунги кунда эса улар сони 435 тага етган.  

Тизимдаги яна бир муҳим ўзгариш тез тиббий ёрдам бригадалари дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, аҳоли яшаш пунктларига яқинлаштирилиши бўлди. Жумладан, тугатилган 441 та қишлоқ врачлик пункти ўрнида тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил қилинди ва уларга биттадан бригада бириктирилди. 793 та қишлоқ оилавий пункти ва Тошкент шаҳридаги 63 та поликлиника қошида ҳам худди шундай шохобчалар ташкил қилинди. Натижада тез тиббий ёрдам бригадаларининг кечикиши 10-12 фоиздан 1-2 фоизгача камайди. Муҳими, оперативлик билан бирга натижадорлик ҳам ошди.

Энг мураккаб операциялар ҳам ўзимизда ўтказилмоқда

Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази трансплантология бўлимида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Келгусида бу муассасаларда ҳар йили 500 тага яқин ана шундай мураккаб операцияни ўтказиш режалаштириляпти. Чунки Ўзбекистонда 4000 нафардaн oртиқ бeмoр дaстурий гeмoдиaлизгa муҳтoж. Сурункaли буйрaк eтишмoвчилигининг сўнгги бoсқичидa бўлгaн ҳaр бир бeмoр ҳaфтaсигa кaмидa 2-3 мaртa гeмoдиaлиз сeaнсини oлaди.  

Ўтган 5 йилда юртимизда 600 дан ортиқ буйрак, жигар ва ўзак ҳужайра операциялари муваффақиятли ўтказилиши натижасида фуқароларимизнинг чет давлатлардаги клиникаларга чиқиши кескин камайди.

Кардиохирургия соҳасида ҳам ўсиш кўрсаткичлари юқори. Масалан, 2016 йилгача юрак соҳасидаги мураккаб операциялар фақатгина Тошкент шаҳрида амалга оширилган бўлса, бугунги кунда бутун республика бўйича 12 та ҳудудда рентгенэндоваскуляр бўлимлар фаолияти йўлга қўйилган. 10 та вилоятда эса очиқ кардиохирургик операциялар ўтказилмоқда. Бу юртимизда ихтисослашган тиббиётни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарасидан мисол.

Республикамизда 18 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази, ҳудудларда 174 та филиали ҳамда туманларда 310 та бўлими ташкил қилиниши натижасида илгари республика даражасида амалга оширилган юқори технологик операцияларни энди вилоят ва туман даражасида ўтказиш йўлга қўйилмоқда.

Она ва бола саломатлиги — келажак кафолати

Ўзбекистонда оналар ва болалар саломатлиги доимий назоратда. 200 та кўп тармоқли марказий поликлиникадаги перинатал ташхис хоналарида аёлларимизнинг 92,6 фоизи ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида ультратовуш текширувидан ўтказилмоқда. Жорий йил бу бўйича 100 фоизлик натижага эришилиши режалаштирилган.

Юртимизда болалар саломатлигини сақлашда педиатриянинг барча йўналишларида диагностика, даволаш, профилактика ва реабилитация бўйича ихтисослаштирилган ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган 280 ўринли Болалар миллий тиббиёт маркази ташкил этилди. Нафақат республика, балки вилоят тиббиёт муассасаларида ҳам юрагида туғма нуқсони бўлган болаларни даволаш учун шифо ўринлари сони 3 баробар оширилди. Шу билан бирга, айни пайтда юқори тиббий технологиялар асосида юртимиздаги 10 та тиббиёт муассасасида болалар кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда юртимизда эшитишда нуқсони бор ва кар болаларда кохлеар имплантация операциялари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Бинобарин, 5 ёшгача бўлган 495 425 нафар ўғил-қиз А витамини ва 2-10 ёшдаги 6,2 миллион нафар бола гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан таъминланиши кичкинтойларимизнинг соғлом ўсишига хизмат қиляпти. 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан таъминлаш ҳам йўлга қўйилди.

Хусусий шифо масканлари сони 2 баробар кўпайди

Мамлакатимизда бундан беш йил аввал хусусий тиббиёт муассасалари атиги 50 турдаги хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган, холос. Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида эса бу кўрсаткич 129 тага етказилди.  

Шунингдек, аввал нодавлат тиббиёт муассасасига ишга кириш учун шифокорда малака тоифаси бўлиши талаб этилар, бунинг учун камида 5 йил тиббий фаолият билан шуғулланиши лозим эди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил май ойидаги “Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида бу мураккабликка буткул чек қўйилди. Яъни, жорий йил 1 июлдан нодавлат тиббиёт муассасаси бирор ёш мутахассиснинг билим ва малакасига ишонч билдириб, уни иш билан таъминламоқчи бўлса, улардан малака тоифаси талаб қилинмайди. Мутахассис фаолият бошлаганидан сўнг, вақти келганида шу иш жойида ишлаб туриб ҳам малака тоифаси олиши мумкин.  

Келгуси қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Президентимиз қайд этиб ўтганидек, кейинги беш йилда республикамиз бўйича тиббиётнинг бирламчи бўғини орқали тиббий профилактика, оилавий шифокорлар ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Жумладан, аҳоли орасида энг кўп тарқалган ва эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган касалликларни барвақт аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирларини амалга ошириш, профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш чоралари кўрилади. Бунда ахборот технологияларини жорий этиш ҳисобидан коррупция ҳолатларининг олдини олиш, энг муҳими, аҳолини рози қилиш асосий вазифамиз бўлади.

Қувонарлиси, ушбу соҳадаги эзгу мақсадлар рўёбига ҳозирдан жиддий киришилган. Масалан, яқинда 2022 йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари юзасидан ўтказилган йиғилишда келгуси йилда таълим ва тиббиёт тизимига 58 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилгани маълум қилинди. Президентимиз бу маблағга қўшимча тарзда яна 12 триллион сўм ажратиш таклифини билдирди. Чунки ҳудудлардаги эҳтиёж ва аҳоли талабидан келиб чиқиб, келгуси йилда 55 та янги дастур амалга оширилиши белгиланган.

Жумладан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш ҳамда ҳудудларда юқори технологик тиббий хизматларни жорий этишга келгуси йилда жами 8 триллион сўм ажратилиши мўлжалланмоқда. Шундан 1 триллион сўми онкогематология, эндокринология, буйрак ва жигарни кўчириш каби дастурларга йўналтирилади.  

Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида юрак қон-томир ва эндокрин касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида юрак-қон томир касалликларини барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича дастур ишлаб чиқилиб, мутлақо янги тизим жорий қилиниши айтилди. Хусусан, келгуси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли оилавий поликлиника ва тиббий бригадалар орқали йилига камида бир марта манзилли скринингдан ўтказилади. Туман лабораториялари коагулометр ва зарур реактивлар билан таъминланади. Юрак-қон томир касалликлар аниқланган аҳолининг ягона электрон реестри юритилади. Шунингдек, юрак-қон томир касалликлари учун эналаприл каби дорилар доимий равишда 200 мингдан зиёд эҳтиёжманд аҳолига бепул тарқатилади. Туманлардаги ҳар бир маҳаллада “гипертония саломатлик мактаблари” ташкил этилиши мўлжалланмоқда.

Бирламчи бўғинга дори ва тиббий буюмлар учун келгуси йилда бюджетдан 580 миллиард сўм берилади. Бу жорий йил харажатларидан 3 баробар кўп. 14 мингдан зиёд тиббиёт бригадалари ва оилавий шифокорлар юрак касалликларини барвақт аниқлаш ва бирламчи ёрдам кўрсатишга ўқитилади. Шу билан бирга, туман шифохоналарига 4 турдаги кардиология ускуналари ўрнатилиб, кўрсатиладиган хизматлар 5 тадан 15 тага, Республика кардиология маркази вилоят филиалларида эса 15 тадан 35 тагача етказилади.

Албатта, изланиш — юксалиш гарови. Бугун тиббиёт ходимлари ана шу ҳикматга амал қилиб, билим, тажриба ва маҳорат орттиришдан бир зум тўхтагани йўқ. Фурсатдан фойдаланиб, халқ саломатлиги йўлида ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат қилаётган шундай шарафли касб эгаларини Тиббиёт ходимлари куни билан муборакбод этамиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати