2025 йил сентабрида Австралиянинг Network 10 телеканали ва 10 Play платформасида “The Amazing Race Australia”нинг янги мавсуми премьераси бўлиб ўтди. Шоунинг марказий қисмларидан бири Самарқанд ва Терсак қишлоғида олинди.
Иштирокчилар "Андижон полькаси"ни ижро этиш, карнай чалиш, гилам ювиш, қуритилган меваларни ажратиш, анор шарбати тайёрлаш ва картошка экиш каби топшириқларни бажардилар. Премьеранинг илк ҳафтасидаёқ дастур 1,2 миллион томошабинни жалб қилди.
Ўзбекистон эпизодларида машҳур австралияликлар: Аиша Скотт ва Скотт Добсон, Брендан Февола ва қизи Лени, Дом Ди Томмасо, Гретел Киллеэн ва қизи Эпифани, Роб Миллс ва Жоржи Танни, Мелиса Леонг, Лук ва Сесси Скотт, Линди Рама-Эллис ва қизи Стелла, Стеф Тисделл ва акаси Бен иштирок этди.
Иштирокчилар мамлакатни "бетакрор тажриба" деб баҳолаб, меҳмондўстлик ва Самарқанднинг гўзаллигини алоҳида таъкидлашди.
Томошабинлар ҳам бу саҳналарни мавсумдаги энг қизиқарли лавҳалар деб эътироф этишди. Шоу 18–25 март кунлари Ўзбекистон ТИВ, Туризм қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида суратга олинди. Уни АҚШнинг Next Field International компанияси ташкил қилди.
Компания директори Станислав Соловкиннинг сўзларига кўра, лойиҳа "ниҳоятда муваффақиятли" бўлиб, Ўзбекистоннинг халқаро танилишига катта ҳисса қўшди.
Ҳамроз Баянов,ЎзА