Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон техник тартибга солишда янги босқичга чиқди: халқаро тан олиш ва экспорт имкониятлари кенгаймоқда
15:59 / 2025-12-22

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда техник тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш тизимларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

2024-2025 йиллар ушбу соҳада амалий натижалар, халқаро эътироф ва экспорт имкониятлари кенгайтирилмоқда.  

Ўтган йилдан буён Техник тартибга солиш агентлиги тизимидаги Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан миллий эталонлар базасини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Жорий йил давомида 11 та янги эталон молиялаштирилиб, геометрик ва механик катталиклар, суюқликларнинг электр ўтказувчанлиги, рН ва рХ кўрсаткичлари, гидростатик тортиш ҳамда эталон динамометр каби йўналишларни қамраб олди.

Натижада институтдаги миллий эталонлар сони 40 тага етди. Бу эса саноат, энергетика, кимё, тиббиёт ва бошқа стратегик соҳаларда юқори аниқликдаги ўлчашлар ишончлилигини таъминлаб, халқаро талабларга жавоб берадиган метрологик хизматлар кўрсатиш учун мустаҳкам замин яратди.

Ўзбекистон ҳалол стандартлари соҳасида муҳим тарихий ютуққа эришди. Туркия ҳалол аккредитация идораси (HAA) қарорига мувофиқ, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази (UzTest) ҳузуридаги Ҳалол сертификатлаштириш идораси HAA томонидан аккредитациядан ўтган мамлакатимиздаги илк ташкилот сифатида эътироф этилди.

Мазкур идора OIC/SMIIC 2:2019 халқаро стандарти талабларига тўлиқ жавоб беради. Бу Ўзбекистонда ҳалол сертификатлаштириш тизимини янги босқичга олиб чиқиб, миллий маҳсулотларни Ислом мамлакатлари бозорларига экспорт қилишдаги техник тўсиқларни камайтиришга хизмат қилмоқда.

Халқаро экспертлар маълумотларига кўра, ҳалол озиқ-овқат бозори ҳажми 2 триллион АҚШ долларига, зиёрат туризми бозори эса 400 миллиард АҚШ долларига етган. Бу эса Ўзбекистон маҳсулотлари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. 2025 йил июль ойидан аккредитация жараёнлари соддалаштирилиб, камчиликларни бартараф этиш муддати 4 ойгача узайтирилди. Лаборатория манзили ўзгарганда такрорий аккредитация ўрнига соддалаштирилган баҳолаш жорий этилди.

Шунингдек, Хитой, Беларусь ва Эрон миллий аккредитация идоралари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. 2025 йил ноябридан эса Ўзбекистон аккредитация маркази Global Accreditation Cooperation (GLOBAK) ташкилотининг тўлақонли аъзосига айланди.

Бир сўз билан айтганда, техник тартибга солиш соҳасида эришилган мазкур натижалар Ўзбекистоннинг халқаро стандартлар тизимига чуқур интеграциялашувини, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва жаҳон бозорида рақобатбардошликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Илмий асосланган стандартлар, халқаро тан олиш ва бизнес учун қулай муҳит мамлакат иқтисодий тараққиётининг муҳим драйверига айланмоқда.

Ш.Маматуропова, ЎзА