Форс нашри "Varzesh Se" берган маълумотларга кўра, "Персеполис" жамоани Серж Орье ҳамда Фаршад Аҳмадзаде тарк этганидан сўнг янги футболчиларни фаол жалб қилишга киришди.
Ҳозирда "қизиллар" таркибни кучайтириш ишларини олиб боряпти. Манба маълумотига кўра, "Персеполис"нинг шорт-листида икки ўзбекистонлик таниқли футболчи Ҳожиакбар Алижонов ва Игорь Сергеев бор.
"Ушбу икки номзод орасидан Игорь Сергеевнинг трансфери масаласи анча олдинга силжиган. Ўзбекистонлик ҳужумчи якшанба куни Теҳронга бориши режалаштирилган. Ўша куни тиббий кўрикдан ўтилиб, расмий шартнома имзолаш жараёни бўлиши кутилмоқда. Шу тариқа, "Персеполис" вақтни бой бермай, Игор Сергеевни Қатардаги йиғинга олиб кетишни мақсад қилган. Ушбу трансфернинг Эрон жамоаси учун афзаллиги - Сергеевнинг спорт формаси. Баъзи легионер футболчилардан фарқли, унинг оптимал спорт формасига чиқиб олиши учун кўп вақт талаб қилинмайди ва қисқа фурсатда Осамар Виера жамоаси тактик схемасига тушиб кета олади. Ҳожиакбар Алижонов билан бўлган музокаралар ижобий кечган бўлса-да, учинчи томон аралашуви билан жараён бироз мураккаблашган. Унинг "Персеполис"га ўтиш ёки ўтмаслиги масаласи тез орада ҳал бўлиши кутиляпти", - дейилади "Varzesh Se" хабарида.
Маълумот учун, айни вақтда Эрон Про лигасида Жалолиддин Машарипов ("Истиқлол"), Рустам Ашурматов ("Истиқлол"), Остон Ўрунов ("Персеполис") ва Одил Ҳамробеков ("Трактор") каби терма жамоа даражасидаги футболчилар тўп тепяпти.
Карим Худойқулов, ЎзА