English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Сарвиноз Сапарбоева қитъанинг энг яхши гандболчиси, дея эътироф этилди
10:02 / 2022-03-26

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида гандбол бўйича 18 ёшгача бўлган қизлар жамоалари ўртасида Осиё чемпионати якунланди.

Хабар берганимиздек, мазкур мусобақада вакилларимиз Осиёнинг 4 та жамоаси билан кечган ўйинларда муносиб натижаларни қайд этди. 

Ҳиндистон жамоасини 44:41 ҳамда Сурия вакилаларини 37:28 ҳисобида мағлуб этган терма жамоамиз эронликлар билан ўтган ўйинда 44:35 натижасида мағлуб бўлган ҳолда совринли ўринлардан бирига даъвогарлик қилаётганди.

25 март куни кечки пайт ҳамюртларимиз Қозоғистон қизлар жамоаси билан иккинчи ўрин учун баҳслашди.

Мурсасиз ўтган ўйинда қўшни давлат жамоасига омад кулиб боқди. Ўзбекистон терма жамоаси иккита туп фарқи билан иккинчи ўрин учун курашни бой берди. 

Ҳисоб 31:29. 

Ушбу натижа Қозоғистон жамоасига иккинчи ўринни тўҳфа этган бўлса, вакилаларимизни 3-ўрин билан кифояланишига олиб келди. Барча учрашувларни ғалаба билан якунлаган эронликлар ўз навбатида  биринчи ўрин соҳиби бўлишди.

Чемпионат давомида бирор марта ҳам муваффақиятга эришмаган Сурия жамоаси сўнгги қатордан жой олди. Улар кеча ҳиндистонликларга 26:37 ҳисобида ютқазиб қўйишди.

Мусобақалар якунида муносиблар медаль, диплом ва совғалар билан тақдирланди. 

Эътиборлиси, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Сарвиноз Сапарбоева ўн олтинчи марта ўтказилаётган қитъа чемпионатининг энг яхши ўйинчиси совринига сазовор бўлди.

Т. Рўзиев, ЎзА