Ўзбекистон теннисчиларининг Дэвис кубогида рақиби маълум
Теннис бўйича терма жамоалар ўртасидаги норасмий жаҳон чемпионати ҳисобланадиган 2024 йилги Дэвис Кубоги тақвими эълон қилинди.
Унга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси бу сафар I жаҳон гуруҳига ўтиш босқичи (плей-офф)да Польша терма жамоаси билан ўтадиган ўйинда ўз омадини синаб кўради. Ушбу қарама-қаршилик 2024 йилнинг 2-3 февраль кунлари Тошкентдаги "Ҳумо Арена" мажмуасида ўтказилади. Учрашувлар хард қопламали кортда ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси сентябрь ойида I Жаҳон гуруҳи доирасида Бельгияга қарши меҳмонда ўйнаб, 1:3 ҳисобида мағлуб бўлганди. Польша термаси эса охирги ўйинини II Жаҳон гуруҳида Барбадосга қарши ўтказиб, 4:0 ҳисобида зафар қучган.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон терма жамоаси айни пайтда Дэвис Кубоги рейтингида 36-ўринни, Польша эса 51-ўринни эгаллаб турибди.
Т. Рўзиев, ЎзА