2022 йил 14 декабрь санаси Ўзбекистон номи дунёнинг энг нуфузли ташкилоти бўлган БМТ Бош ассамблеяси минбарида баралла янграган кун сифатида тарихда қолмоқда.
Боиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган яна бир ташаббус ташкилотга аъзо мамлакатлар ҳаётига татбиқ этилди.
Хусусан, БМТ Бош ассамблеяси томонидан «Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюция бир овоздан маъқуллади.
Резолюцияда Давлатимиз раҳбари томонидан ташаббус қилинган COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик, хотин-қизларнинг ва ёшларнинг қонун чиқарувчи органлар ишида ва парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокини таъминлашда парламентларни қўллаб-қувватлаш каби таклифлари ўз аксини топган.
Хусусан, ушбу ташаббус сайёрамизнинг барча қитъаларидаги 80 та давлат, шу жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари, Австрия, Бангладеш, Баҳрайн, Бельгия, Германия, Жазоир, Испания, Индонезия, Италия, Колумбия, Корея Республикаси, Малайзия, Миср, Нидерландия, Норвегия, Покистон, Португалия, Россия, Сингапур, Финляндия, Франция, ХХР, Швеция, Япония, Қатар ва бошқа давлатлар томонидан ҳужжатнинг ҳаммуаллифлари сифатида маъқулланди.
Умуман олганда, БМТнинг БРМга эришиш стратегияси 2015 йилда қабул қилиниб, 2016 йил 1 январдан бошланган бўлса, Ўзбекистонда ҳам 2016 йилдаёқ БРМга эриш ишлари бошлаб юборилган. Айни кунга қадар ўтган беш йилликда Ҳаракатлар стратегиясида амалга оширилган бешта устувор йўналиш ва 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мақсадлари доирасида изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Хусусан, Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси» БРМнинг 2-мақсадига тўлиқ мос келади. Ушбу мақсаднинг барқарорлигини изчил давом эттириш учун эса, тараққиёт стратегиясида ҳам озиқ-овқат саноатини ривожлантириш дастурини амалга ошириш, қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар кўпайтириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш каби мақсадлар белгиланган.
Жумладан, тараққиёт стратегиясининг 21-мақсадида белгиланган иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни – 1,6 баравар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш учун замин яратиш мақсади БРМнинг 1 ва 10 мақсадларига тўлақонли мос келади.
Шунингдек, 2018 йил октябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Барқарор ривожланиш миллий мақсад ва вазифалари тасдиқлади. БМТнинг БРМдан келиб чиқиб Ўзбекистон мамлакатдаги экологик, иқтисодий ва ижтимоий масалаларга қаратилган 16 та миллий БРМ, унга тегишли 125 та вазифа ва 206 та кўрсаткични ишлаб чиқди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистонда амалга оширилаётган стратегияларнинг БРМга мос бўлган энг муҳим кўрсаткичларидан яна бири, бу — Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтиришдаги ўхшашликлардир.
Сабаби, ҳар иккала стратегиямизда ҳам парламент назоратини амалга оширишнинг амалдаги механизмларини самарадорлик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш, мазкур жараёнларда фуқароларнинг иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, ушбу стратегиялар ва Давлат дастурлари парламентимиз томонидан парламент эшитувлари, ҳукумат соатлари тартибидан назорат қилиб борилмоқда. Жумладан, 2017-2021 йиллар давомида 97 марта парламент эшитувлари, 30 мартадан ортиқ ҳукумат соатлари ташкил этилган. Эътиборлиси, ушбу амалиёт энг қуйи бўғингача жорий қилинган бўлиб, жойларда, маҳаллий Кенгашлар томонидан ҳам ҳудудий дастурлар ижроси доимий равишда назорат қилиб борилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу резолюция барча давлатлар парламентлари учун ўзига хос дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Махфират Хушвақтова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати