Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Татаристон бизнес форуми бўлиб ўтди
21:17 / 2022-04-12

Тошкентда Ўзбекистон – Татаристон бизнес форуми ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида B2B форматида музокара бўлиб ўтди.

Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида уюштирилган, мамлакатимизнинг тегишли вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 150 дан зиёд вакили иштирок этган тадбирда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.

Татаристон делегацияси таркибида республиканинг етакчи корхоналари мутахассислари борлиги, Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик қилиш кўзда тутилаётгани қайд этилди.

Томонлар тадбиркорлар, инвесторларни жалб этиш учун қулай шарт-шароит яратиш, истиқболли соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, шериклик кўламини янада кенгайтириш мақсадида ҳамкорликни фаоллаштириш тарафдори эканини билдирди.

Тўқимачилик, электротехника саноати, фармацевтика, биология-тиббиёт, ахборот технологиялари сингари устувор йўналишларда алоқа ўрнатиш имконияти мавжудлиги эътироф этилди.

[gallery-6596]

Анжуманда тегишли тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳар бир йўналишнинг инвестиция, саноат ва савдо салоҳиятини тақдимот кўринишида атрофлича очиб берди. Хорижий сармоя жалб этилишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг мавжуд механизмлари ҳамда чет эл капитали иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётида хусусий секторнинг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Жалб этилаётган инвестиция салмоғини ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар фаол ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субектларига солиқ юкини камайтириш, хусусий мулк ва хорижий капитални ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш устувор вазифа этиб белгиланган. Мазкур имтиёзлар хорижий ҳамкорлар билан ишлаш самарадорлигини ўстиришга хизмат қилади.

Шундан келиб чиқиб, ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида татаристонлик инвесторлар ва тадбиркорларга ҳам бир қатор истиқболли таклифлар билдирилди. Айни лойиҳалар озиқ-овқат, нефть-газ, фармацевтика, таълим, муҳандислик, ишлаб чиқариш каби муҳим йўналишларни қамраб олган.

Форум доирасида ташкил этилган В2В шаклидаги учрашувлар икки томон бизнес вакилларига ўзаро фикр, лойиҳа, таклиф алмашиш, ҳамкорлик истиқболини муҳокама қилиш ва аниқ келишувларга эришиш учун платформа бўлиб хизмат қилди.

Б.Худойбердиев, ЎзА