Сўнгги саккиз йил ичида Ўзбекистон ташқи сиёсати мазмун жиҳатидан тубдан янгиланди.
Аввалги даврда асосий эътибор хавфсизликка қаратилиб, дипломатия эҳтиёткор хусусият касб этган бўлса, бугун мамлакат фаол, очиқ ва натижага йўналтирилган ташқи сиёсат юритмоқда. Бундай янги концепцияда миллий манфаат, иқтисодий тараққиёт ва минтақавий барқарорлик устувор этиб белгиланган.
Марказий Осиё
Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устуни сифатида эътироф этилади. 2016 йилдан кейин қўшни давлатлар билан муносабат сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича келишувларга эришилди, назорат-ўтказиш пунктлари қайта очилди, транспорт қатнови тикланди. Бу жараён минтақада ишонч ва очиқлик муҳитини шакллантирди.
Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айирбошлаш миқдори 2016 йил 2,5 миллиард доллар атрофида бўлган, 2023 йил якунида 9 миллиард долларга яқинлашди, 2024 йил эса 11 миллиард долларга етди. Демак, саккиз йилда ушбу кўрсаткич қарийб тўрт баробар ўсган. Қўшни давлатларнинг мамлакатимиз ташқи савдосидаги улуши 10 фоиздан қарийб 20 фоизга кўтарилган.
Хусусан, Қозоғистон билан савдо 4 миллиард доллар атрофида, Қирғизистон билан товар айирбошлаш бир неча баробар ошган, Тожикистон билан эса 1 миллиард доллар чегарасидан ўтди. Туркманистон билан ҳам иқтисодий алоқалар барқарор ўсмоқда. Бу рақамлар минтақавий ҳамкорликнинг амалий натижасини кўрсатади.
Инфратузилма соҳасидаги ўзгариш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Янги автомобиль ва темир йўлларда қатнов тикланди, чегара олди савдо ҳудудлари ва логистика марказлари ташкил этилди. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бошланиши, Транскаспий халқаро транспорт йўлаги фаоллашуви минтақанинг транзит салоҳиятини оширмоқда.
Сиёсий мулоқот институционал тус олди. Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашуви мунтазам ўтказилмоқда. Самарқанд шаҳрида 2022 йил ШҲТ саммити, 2023 йил Марказий Осиё – Европа Иттифоқи форуми, 2025 йил ЕИ – Марказий Осиё саммити ташкил этилди. Мазкур анжуманлар минтақани глобал дипломатик кун тартибига чиқарди.
Умуман, минтақавий савдо миқдорн 11 миллиард доллардан ошиши ва институционал мулоқот мустаҳкамланиши фақат иқтисодий ютуқ эмас, балки ишончли сиёсий мулоқот, очиқ чегара ва интеграцияга қаратилган ташқи сиёсат натижасидир. Эндиликда Марказий Осиё ташқи сиёсатимизда устувор макон сифатида мустаҳкам ўрин эгаллаган.
Европа
Европа Иттифоқи билан муносабат Ўзбекистон ташқи сиёсатининг стратегик йўналишларидан бирига айланди. Сўнгги йилларда ўзаро мулоқот тизимли тус олди ва ҳуқуқий база такомиллаштирилди. Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокара 2024 йил якунланиб, ҳужжатни имзолаш жараёни якуний босқичга кирди. Мазкур битим савдо, инвестиция, энергетика, рақамли иқтисодиёт, атроф-муҳит муҳофазаси ва қонун устуворлиги соҳаларини қамраб олган кенг кўламли механизм сифатида баҳоланмоқда.
Сўнгги расмий маълумотга кўра, 2024 йил якунида томонлар ўртасидаги товар айирбошлаш қиймати 6 миллиард евродан ошди. ЕИ Ўзбекистоннинг энг йирик уч савдо шеригидан бирига айланди. Экспорт таркибида рангли металлар, кимё маҳсулотлари, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари устувор.
Европа Иттифоқининг GSP+ имтиёзли савдо режими доирасида 6 000 дан ортиқ турдаги маҳсулот Европа бозорига божсиз киряпти. Бу тартибдан самарали фойдаланиш натижасида тўқимачилик ва тайёр кийим-кечак жўнатиш сезиларли даражада кучайди. Охирги икки йил кўҳна қитъага экспорт ҳажми барқарор ўсиб боряпти.
Инвестиция соҳаси ривожида ҳам ижобий суръат ҳукмрон. Европа компаниялари энергетика, кимё саноати, логистика ва яшил иқтисодиёт лойиҳаларида фаол иштирок этяпти. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбалари, шамол ва қуёш электр станциялари қурилишида хориж капитали салмоқли ўрин тутади.
Айни йўналишдаги шериклик институционал ислоҳотларга ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқи, суд-ҳуқуқ тизими ислоҳоти, давлат бошқаруви шаффофлиги ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича мулоқот механизми йўлга қўйилган. ЕИ билан яшил ўтиш, карбон чиқиндисини камайтириш ва Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммити муносабатларни минтақавий форматда мустаҳкамлашга хизмат қилди. Анжуманда транспорт занжири, рақамли трансформация ва энергия хавфсизлиги масалалари батафсил муҳокама этилди.
Россия ва Хитой
Россия ва Хитой билан муносабат Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим ўрин эгаллайди. РФ республикамизнинг анъанавий савдо ва меҳнат миграцияси соҳасидаги йирик ҳамкори ҳисобланади. Бу давлат билан савдо кўрстакичи 9 миллиард долларга яқинлашган.
Хитой эса диёримизнинг энг йирик савдо шериги. Айни пайт товар айирбошлаш миқдори 14 миллиард доллардан ошган. Инфратузилма, энергетика ва саноат лойиҳаларида ХХР капитали фаол иштирок этмоқда.
Бу масалада асосий жиҳат мувозанатдир. Ўзбекистон ҳеч бир уюшма ёки геосиёсий платформага тўлиқ қўшилмасдан, ҳар бир йўналишда миллий манфаатни устувор қўймоқда.
АҚШ
Америка Қўшма Штатлари билан муносабат ҳам сўнгги йилларда янги сифат босқичига кўтарилди. Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклиги хавфсизлик, иқтисодий ислоҳот, энергетика, таълим ва инсон капитали ривожи каби йўналишларда тизимли тус олди.
C5+1 формати доирасида мулоқот мустаҳкамланди. 2023 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган биринчи C5+1 саммити минтақавий ҳамкорликни янги даражага олиб чиқди. Мазкур анжуманда транспорт занжири, энергетика хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва минтақавий барқарорлик масалалари бўйича қўшма ташаббуслар илгари сурилди.
2023-2024 йилларда Вашингтон ва Тошкент стратегик шериклик мулоқотини фаол давом эттирди. Давлат департаменти ва мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлиги ўртасидаги маслаҳатлашув доирасида инвестиция муҳитини яхшилаш, савдони диверсификация қилиш, рақамли иқтисодиёт ва яшил энергетика соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалалари кўтарилди.
Иқтисодий кўрсаткич мулоқотнинг амалий натижасини акс эттирмоқда. Расмий маълумотга кўра, 2024-2025 йилларда ўлкамизга жалб қилинган умумий хорижий сармоя қиймати 40 миллиард доллардан ошди. 2016 йил 2 миллиард доллар атрофида бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестиция оқими охирги йилларда ўн баробарга яқин тезлашди. Бу жараёнда АҚШ компаниялари энергетика, нефть-газ мажмуаси, агросаноат ва ахборот технологиялари соҳаларида фаол иштирок этмоқда.
Ташқи савдо айланмаси барқарор ўсиш намоён этмоқда. Бу кўрсаткич 2016 йил 24 миллиард доллар эди, 2023 йил 60 миллиард долларга етди, 2024 йил якунида эса 70 миллиард долларга яқинлашди. Экспорт таркиби диверсификация қилинмоқда. Олтин ва хом ашё билан бир қаторда саноат маҳсулотлари, кимё саноати товарлари ва тўқимачилик экспорти улуши ортмоқда.
Транзит марказига айланиш
Географик жиҳатдан Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва икки карра қитъа ичидаги давлат сифатида денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга эмас. Шу боис транспорт ва логистика диверсификацияси ташқи сиёсатимизнинг стратегик йўналишига айланган. Кейинги йилларда транзит инфратузилмасини ривожлантириш, янги халқаро йўлакларга уланиш ва юк ташиш ҳажмини ошириш чоралари кўриляпти.
Бу йўналишдаги энг муҳим лойиҳалардан бири “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлидир. 2024 йил уч давлат ташаббусни амалий босқичга ўтказишга келишди ва қурилиш бошланди. Узунлиги 500 километрдан ошадиган мазкур магистрал Хитойдан Марказий Осиё орқали Яқин Шарқ ва Европа бозорларига чиқиш йўлини сезиларли қисқартиради. Масофа 800-900 км қисқариб, ҳозирги етказиб бериш вақтидан бир неча кун тежалиши кутиляпти. Бу нафақат транзит даромадини оширади, балки юртимизни минтақавий логистика марказига айлантиради.
Транскаспий халқаро транспорт йўлаги (Ўрта йўлак) ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркия орқали Европа бозорига чиқиш имкони яратилаётган мазкур йўналишда юк ҳажми сўнгги икки йил бир неча баробар ошди. 2023-2024 йилларда Ўзбекистон ушбу йўлак орқали ташилган юк ҳажмини сезиларли кўпайтирди, контейнер ташуви географияси кенгайди. ЕИ билан транспорт занжирини мустаҳкамлаш бўйича келишув мазкур йўналишнинг стратегик аҳамиятини янадаоширади.
Гарчи, ҳозирча муҳокама босқичида бўлса-да,Афғонистон орқали Покистон портларига чиқишни назарда тутувчи темир йўл лойиҳаси амалга ошса, республикамиз учун Араб денгизи портларига тўғридан-тўғри йўл очилади. Бу экспорт географиясини диверсификация қилиш, логистика харажатини кескин қисқартириш имконини беради.
Геосиёсий риск
Глобал санкция сиёсати, йирик давлатлар рақобати ва таъминот занжиридаги узилиш Ўзбекистон ташқи сиёсати учун шароитни бирмунча мураккаблаштиради.
Бу жараёндаги асосий хавф мувозанатни сақлашда хатога йўл қўймаслик. Зеро, бир йўналишда ортиқча оғиш иккинчи йўналишдаги ишончга таъсир қилиши мумкин.Шу маънода Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати прагматик, мувозанатли ва натижага йўналтирилган хусусиятга эга. Минтақавий устуворлик, кўп векторли ҳамкорлик ва иқтисодий дипломатия уйғунлашуви мамлакатимизнинг халқаро нуфузини оширмоқда. Геосиёсий босим кучайган даврда мувозанатни сақлаш жиддий синов. Бинобарин, сўнгги йиллардаги рақамлар ва дипломатик натижа кўрсатмоқдаки, танланган тўғри йўл аллақачон ўз самарасини бера бошлаган.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА