Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ташқи савдосида валютанинг ролини қандай баҳолаш мумкин?
15:00 / 2025-06-18

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан 2025 йилнинг январь-апрель ойлари давомида номинал (NEER) ва реал самарали алмашув курси (REER) индекслари ҳисоблаб чиқилди.

Ушбу индекслар миллий валюта қийматига ташқи бозордаги босимлар ва ташқи савдо рақобатбардошлигини баҳолашда муҳим кўрсаткич сифатида хизмат қилади.  

Ҳисоб-китобларда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги 83 фоиз улушга эга бўлган 20 давлат асос қилиб олинган бўлиб, базавий давр сифатида 2019 йил январь ойи танлаб олинди. 2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида REER индекси 6,2 бандга пасайиб, 111,4 дан 105,2 га тушди.  

Мазкур ўзгариш, биринчи навбатда, миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши (-6,3 банд) ҳисобига содир бўлди. Шу билан бирга, инфляция даражасининг таъсири +0,1 бандни ташкил этди.  

NEER индекси ҳам ушбу даврда пасайишга юз тутди - 5,4 бандлик камайиш натижасида 94,1 дан 88,7 га тушган. Бу эса сўмнинг савдо ҳамкорлари валюталарига нисбатан умумий қадри пасайганини кўрсатади.  

Иқтисодий назария нуқтаи назаридан қаралганда, REER индексининг пасайиши  бошқа шартлар ўзгармаслиги шарти билан маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорда арзонлашишига, яъни экспортнинг рақобатбардошлиги ортишига олиб келади. Шу билан бирга, импорт товарларининг қимматлашуви ҳисобига ички бозорда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун имкониятлар кенгаяди.  

Таҳлиллар сўмнинг 2025 йил апрель ойида АҚШ долларига нисбатан 0,5 фоизга қадрсизланганини, Россия рублининг эса 20 фоизга, Қозоғистон тенгесининг 1,1 фоизга қимматлашганини кўрсатди. Хитой юани эса фақат 0,1 фоизга қадрсизланди. Натижада сўмнинг ушбу валюталарга нисбатан нисбий қадрсизланиши REER индексининг пасайишига асосий туртки бўлди.  

Инфляция даражасидаги фарқлар ҳам мазкур индексга таъсир этган омиллардан бири бўлди. Жумладан, 2025 йил апрель ойида Ўзбекистонда ойлик инфляция 0,7 фоизни, Россияда  0,4 фоизни, Қозоғистонда 1,2 фоизни, Хитойда эса 0,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳолат инфляция омилининг REER кўрсаткичига +0,1 банд миқдорида таъсир кўрсатишига сабаб бўлди.  

Умумий таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, миллий валюта курси ва инфляция даражасидаги ўзгаришлар мамлакат ташқи савдо ҳолатига бевосита таъсир этмоқда. REER ва NEER индексларидаги динамика миллий валюта рақобатбардошлиги ҳамда экспорт-импорт сиёсатининг стратегик йўналишларини шакллантиришда муҳим мезон сифатида баҳоланмоғи лозим.  

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА