Бугун Тошкент давлат шарқшунослик университетида «Ўзбекистон таржимашунослари форуми-2021» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 апрель куни «Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Тошкент давлат шарқшунослик институти негизида Тошкент давлат шарқшунослик университети ташкил этилганлигининг 1 йиллиги, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг алоҳида муассаса сифатида иш бошлаганининг 30 йиллиги, Таржимашунослик ва халқаро журналистика кафедраси ташкил этилганининг 10 йиллигига, шунингдек, таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Халқаро Бобур мукофоти совриндори, филология фанлари доктори, профессор, ижодкор, мударрис ва мураббий, Ўзбекистонда таржимашунослик фанига асос солиб, ўзига хос мактаб яратган устоз Ғайбулла Саломовнинг порлоқ хотирасига бағишланди.

Форумнинг асосий мақсади таржимашунослик тарихи, таржимачиликнинг ривожланиш тамойиллари, таржима стилистикаси ва танқиди, таҳрир, бадиий таржиманинг лингво-маданий аспектлари, замонавий наср ва шеър таржимаси муаммолари, муаллиф услубини қайта яратиш, синхрон таржима соҳасини ривожлантириш, илмий-техникавий ва публицистик матнлар таржимаси муаммолари, ўзбек адабиёти намуналарини шарқ халқлари тилларига таржима қилиш, шунингдек, шарқ тилларидан ўзбек тилига бадиий таржимани амалга ошириш билан боғлиқ долзарб муаммолар ҳамда бу борада эришилган ютуқлар доирасида мутахассисларнинг тажриба ва фикр алмашувини таъминлашдан иборат.

Форум тўпламидан Республикамизнинг кўзга кўринган таржимашунос олимлари, ТДШУ соҳа мутахассислари ҳамда «Таржимашунослик ва халқаро журналистика» кафедрасида ушбу илмий йўналишда тадқиқотлар олиб бораётган профессор-ўқитувчилар, мутахассислар ва ёш тадқиқотчиларнинг таржима тарихи, назарияси, амалиёти ва танқиди, синхрон таржима, шунингдек, халқаро журналистиканинг таржима билан кесишган нуқтасига оид долзарб мавзулар ёритилган илмий мақолалари ўрин олди.
Анжуман қуйидаги вазифаларни қамраб олди:
• ХХ аср иккинчи ярми таржимачилигининг ривожланиш тамойиллари, замонавий таржимашунослик фанини ўқитиш истиқболларини белгилаш;
• Таржима стилистикаси ва танқиди ҳамда таҳрир масалалари, бадиий таржиманинг лингво-маданий аспектлари, замонавий наср ва шеърий таржима ва муаллиф услубини қайта яратиш, маданиятлараро мулоқот ва таржима муаммолари хусусида сўз юритиш;
• Хорижий адабиётни аслиятда ўқиш ва таржима қилиш, таржима адабиётини тарғиб қилиш, китобхонлик маданияти ва бадиий таржима маҳорати, ўзбек адабиёти намуналарини шарқ халқлари тилларига ва шарқ адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилишнинг долзарб масалаларини батафсил кўриб чиқиш;

• Синхрон таржима соҳаси, ХХl асрда илмий-техникавий таржима тараққиёти ҳамда публицистик матнлар таржимаси муаммолари хусусида сўз юритиш;
• Таржимашуносликнинг долзарб муаммолари устида иш олиб бораётган соҳа мутахассислари ва ёш олимлар билан тажриба алмашиш ҳамда бўлажак таржимашуносларнинг халқаро анжуманларда ўзларини намоён этишларига имкон яратиш;
• Таржимашуносликдаги илғор тажрибалар бўйича янги маълумотларга эга бўлиш.
Форумни ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиева очиб берди. Анжуманда «Таржимашунослик ва халқаро журналистика» кутубхонаси веб-сайти лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Н.Хўжаева,
ТДШУ «Таржимашунослик
ва халқаро журналистика»
кафедраси мудири