Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш салоҳиятини йил сайин мустаҳкамлаб бормоқда. Миллий статистика қўмитасининг 2025 йил январь–июнь ойлари бўйича дастлабки маълумотларига кўра, мамлакатимиз хорижга қиймати 29,9 миллион АҚШ долларига тенг 130,6 минг тонна тарвуз экспорт қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 52,7 минг тоннага кўп бўлиб, 67,7 фоизлик ўсишни ифодалайди.
Биламизки, Ўзбекистон иқлими ва табиий шароитлари тарвуз етиштириш учун жуда қулай. Айниқса, Фарғона водийси, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари бу борада етакчи ҳисобланади. Мавсум давомида мазали ва сифатли тарвуз етиштириб, уни экспорт қилиш Ўзбекистон деҳқонлари ва тадбиркорлари учун барқарор даромад манбаига айланган.
Тарвуз экспортининг 67,7 фоизга ўсишига бир неча омиллар сабаб бўлган. Аввало, экспорт ва логистика тизимининг соддалаштирилиши. Қолаверса, деҳқон, фермер ва экспорт қилувчи субъектлар билан тўғридан-тўғри алоқаларнинг тузилгани ва маҳсулотни сақлаш, қадоқлаш ва етказиб беришдаги замонавий технологияларнинг жорий этилиши бунга сабаб бўла олади.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон 2025 йилнинг дастлабки олти ойида қуйидаги давлатларга энг кўп тарвуз экспорт қилган:
Россия – 66 минг тонна
Қозоғистон – 44 минг тонна
Қирғизистон – 19 минг тонна
Шунингдек, Беларусь (968 тонна), Мўғулистон (618 тонна), Латвия (76 тонна), Грузия (66 тонна), Польша (61 тонна) ва бошқа давлатлар ҳам Ўзбекистон тарвузининг харидорлари қаторидан жой олди.
Бу кўрсаткичлар Ўзбекистон тарвузининг нафақат МДҲ, балки Шарқий Европа ва Осиё бозорларида ҳам ўз истеъмолчиларига эга бўлаётганини англатади.
Экспорт ҳажмининг ошишида транспорт-логистика инфратузилмасининг яхшиланиши муҳим роль ўйнади. Тарвуз – тез бузиладиган маҳсулот бўлгани учун уларни ўз вақтида ва сифатини сақлаган ҳолда етказиш зарур. Шу боис, сўнгги йилларда совутгичли контейнерлар, янги экспорт марказлари, музлаткич омборлари фаолияти кенгайтирилмоқда.
Ўзбекистон тарвузининг экспортдаги ҳиссаси тобора ошиб бораётгани нафақат аграр соҳа, балки мамлакат иқтисодиётининг экспорт салоҳияти кучайиб бораётганини кўрсатади. Яқин йилларда маҳсулотни органик сертификатлаш, янги бозорларга кириш орқали бу рақамларни икки-уч бараварга ошириш имконияти мавжуд. Шубҳасиз, Ўзбекистон тарвузининг дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлиши – деҳқон меҳнати, давлат қўллови ва экспорт сиёсатининг уйғунлигини кўрсатадиган намуна бўла олади.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА