Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон тарихини ўрганишда рақамли технологияларнинг аҳамияти қандай?
15:34 / 2022-09-28

Кўплаб соҳалар қатори Ватанимиз тарихини ўрганишда ҳам рақамли технологиялардан фойдаланиш долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида «Ўзбекистон тарихини ўрганишда рақамли технологияларнинг аҳамияти» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди.

Анжуманда тарихий воқеалар ва йўқолган, сақланиб қолмаган ёдгорликларни виртуал реконструкция қилиш, тарих ва махсус тарихий фанларни ўрганишда рақамли технологиялардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон, хорижий давлатлар ва Марказий Осиё мамлакатларининг гуманитар фанлар тизимидаги рақамли технологиялар борасида тўплаган тажрибалари таҳлил этилди. 

Ҳозирги босқичда фан ва таълимнинг рақамли ўзгариши масалалари назардан ўтказилди. Бундан ташқари, совет тузуми даврида қатағонлик сиёсати қурбонлари меросини ўрганиш ва хотирасини абадийлаштиришда рақамли технологиялардан фойдаланишнинг усул ва услублари борасида фикр алмашилди. 

Анжуманда Япония, Испания, Жанубий Африка Республикаси, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатлардан иштирок этган олимларнинг маърузалари тингланди. Тарихий тадқиқотлар ва олий таълимда ахборот технологияларини янада ривожлантириш вазифалари белгилаб олинди. Йиғин якунида Ўзбекистоннинг олий ўқув юртлари ва илмий марказлари олимлари, шунингдек, ушбу масала бўйича бой тажрибага эга мамлакатлар иштирокида таълим ва фан соҳасида рақамли технологияларни қўллаш билан боғлиқ тадқиқотларда яқин илмий ҳамкорликни амалга ошириш, тарихий билимларни ўрганиш ва тарғиб қилишда рақамли технологиялардан фойдаланишга келишиб олинди.  

Рақамли тарих соҳасида ҳамкорлик, академик ҳаракатчанлик, тажриба алмашиш ва илғор технологияларга, шу жумладан, тарих фанининг барча йўналишларига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттиришга келишилди. 

 

Моҳинур Абдумажидова