2025 йил давомида Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси томонидан талабалар спортини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда республика миқёсида оммавий спортни тарғиб этиш йўналишида изчил ва самарали ишлар амалга оширилди.
Жумладан, Ассоциация Ижроия қўмитаси ва унинг ҳузуридаги спорт клублари учун намунавий йиллик иш режалари, спорт клублари ходимларининг функционал вазифалари, шунингдек, оммавий спорт тадбирлари тақвим режалари ишлаб чиқилди ва белгиланган тартибда тасдиқланди. Бу эса талабалар спортида ягона ёндашув ва тизимли бошқарувни таъминлашга хизмат қилди. Бунинг самарасида Ассоциация таркибида 11 та янги спорт клуби ташкил этилди.
Шу билан бирга, 6 та спорт клуби фаолияти қайта давлат рўйхатидан ўтказилди. Улар орасида Андижон давлат техника институти, Бухоро давлат техника университети, Фарғона давлат техника университети, Қўқон давлат университети, Каттақўрғон давлат педагогика институти ва Самарқанд давлат педагогика институти спорт клублари бор.

Айни пайтда тизимни оптималлаштириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш мақсадида 12 та спорт клуби фаолияти ихтиёрий тугатилди.
Талаба-ёшлар ўртасида спортни янада оммалаштириш ва бу орқали уларнинг саломатлигини янада мустаҳкамлаш ва улар орасидан иқтидорли ёшларни саралаш мақсадида “Универсиада”, “Талабалар лигаси” ва “Баркамол авлод” спорт мусобақалари ташкил этилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида 17 та спорт тури бўйича “Универсиада” спорт мусобақалари республика бўйлаб ўтказилди.

Мусобақалар уч босқичда ташкил этилган бўлиб, унда олий таълим муассасалари босқичида 286 минг 456 нафар, ҳудудий босқичда 43 минг 470 нафар, Республика финалида 3 минг 52 нафар, жами 332 минг 978 нафар талаба-спортчи иштирок этди. “Универсиада” спорт мусобақалари якунларига кўра, Тошкент вилояти жамоаси 1-ўриндан жой олган бўлса, Бухоро вилояти 2, Тошкент шаҳри жамоаси эса 3-поғонада қайд этилди.
Шунингдек, “Талабалар лигаси” мусобақалари спортнинг 9 та тури бўйича 3 босқичда ўтказилди. Унда 281 минг 865 нафар талаба, шу жумладан 92 минг 45 нафар қизлар иштирок этди. Мазкур лига орқали футзал, бадминтон, баскетбол, волейбол, гандбол, енгил атлетика, кураш, стол тенниси ва шахмат спорт турлари бўйича юқори рақобат муҳити яратилди.
Жорий йилнинг ноябрь ойидан академик лицей ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Баркамол авлод–2025” спорт мусобақаларига старт берилди. 20 декабрь ҳолатига дзюдо, бадминтон, енгил атлетика, эркин ва юнон-рум кураши бўйича Республика финал босқичлари якунланди.

Мамлакат миқёсидаги турли спорт мусобақаларида ўз маҳорат ва тажрибасини оширган талаба спортчилар бу йилги мавсумда халқаро майдонда ҳам бир қатор муваффақиятга эришди.
Ҳусусан, 2025 йил 16–27 июль кунлари Германияда ўтган XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларида дунёнинг 119 та давлатидан спортнинг 18 та тури бўйича 5 минг 100 нафардан ортиқ талаба-спортчилар 234 та медаль жамланмаси учун баҳс олиб борди.
Ўзбекистон спорт делегацияси ушбу нуфузли мусобақада 11 та спорт тури бўйича иштирок этди. Талаба-спортчиларимиз сузиш, бадиий гимнастика, енгил атлетика, таэквондо WT ва дзюдо спорт турлари бўйича умумий ҳисобда 15 та — 4 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза медалларини қўлга киритди. Ушбу натижа Ўзбекистон делегацияси учун Универсиадалар тарихидаги энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этилиб, умумжамоа ҳисобида 13, Марказий Осиё давлатлари орасида эса биринчи ўриндан жой олди.
3–9 сентябрь кунлари эса Қирғизистоннинг Иссиқкўл шаҳрида ўтган III Туркий Универсиада ўйинларида Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон каби беш туркий давлатдан 450 нафардан ортиқ спортчилар 7 та йўналиш бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борди. Ушбу мусобақаларда Ўзбекистон спорт делегацияси волейбол, дзюдо, футзал, шахмат, эркин кураш ҳамда юнон-рум кураши каби спортнинг 6 та тури бўйича иштирок этди ва 6 тадан олтин, кумуш ҳамда 10 та бронза медалини қўлга киритди. Ўзбекистон делегацияси умумий натижаларга кўра 3-ўринни эгаллади.
Шунингдек, Мўғулистон, Россия, Қозоғистон, Хитой (Макао) ва Хитой Тайпейидаги нуфузли спорт анжуманларида Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси вакиллари иштирок этди.
Ҳа, бугун мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган улкан эътибор уларнинг ўзлари танлаган соҳаларида муваффақиятга эришишларида муҳим ўрин тутмоқда. Умид қиламизки, келгуси йилда ҳам талаба-спортчиларимиз ғалабалари бунданда юқори бўлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА