Мазкур турда дастлабки ўйин “Пахтакор” – “Андижон” клублари ўртасида ўтказилди. Ушбу баҳс 3:1 ҳисобида якунланди. Орадан икки кун ўтиб эса “Локомотив” – “Насаф” баҳси 0:1, “Сўғдиёна” – “Сурхон” учрашуви 2:4 ҳисобида тугади.
Ушбу турда “Насаф” клуби ғалаба қозониб, 52 очко жамғарган ҳолда мусобақа якунига 3 тур қолганда муддатидан аввал Ўзбекистон чемпионига айланди. Шунингдек, Рўзиқул Бердиев шогирдлари ушбу унвонга ўз тарихида илк бор эришди ва Ўзбекистон Суперлигаси (Олий лига) тарихидаги Тошкент клубларининг 23 йиллик гегемонлигига чек қўйди.

Бунгача “Нефтчи” 2001 йилда Ўзбекистон чемпиони бўлган. Шундан кейин ўтган 23 йил давомида чемпионлик фақат Тошкент клубларига насиб қилаётган эди. Хусусан, сўнгги 5 йил давомида “Пахтакор” чемпионликни ҳеч кимга бермай келаётган эди.
Миллий чемпионатларимиз тарихида “Пахтакор” 16 маротаба, “Бунёдкор” ва “Нефтчи” 5, “Локомотив” 3, “Дўстлик” 2, “Навбаҳор”, “МҲСК” ва “Насаф” клублари 1 мартадан бош совринни қўлга киритган.

“Сўғдиёна”нинг бу турдаги аламли мағлубияти жамоага қимматга тушди. Бунинг натижасида клуб 37 очко билан 4-поғонага тушиб, 38 очко тўплаган “Пахтакор”га учинчи ўринни бўшатиб берди. Шунингдек, бу турда “Олимпик” – “Навбаҳор” 1:2, “Қизилқум” – “Динамо” 1:2, “Нефтчи” – “Бунёдкор” 2:1, “Металлург” – ОКМК 1:1 натижалари қайд этилди.

Суперлига жадвалида “Насаф” клуби 52 очко билан биринчи поғонадан жой олган бўлса, ОКМК клуби 40 очко билан иккинчи, “Пахтакор” эса 38 очко билан кучли учликни якунлаб берди. “Сўғдиёна” 37, “Навбаҳор” 36 очко билан миллий чемпионатимиз бешлигидан жой олди. Гарчи “Нефтчи” ҳам 36 очко тўплаган бўлсада, голлар нисбатига кўра 6-ўринга жойлашди.

Ҳозирда “Пахтакор” жамоаси сардори Драган Черан 13 та гол билан тўпурарлар жадвалида пешқадамлик қилмоқда. “Сўғдиёна” жамоаси аъзоси Люпчо Дориев 11 та гол билан иккинчи, “Динамо” аъзоси Анваржон Ҳожимирзаев 10 та гол билан учинчи ўриндан жой олган.
Ўзбекистон Суперлигасининг 24-тур учрашувлари 7-10 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда ОКМК — “Олимпик”, “Динамо” – “Локомотив”, “Бунёдкор” – “Металлург”, “Пахтакор” – “Навбаҳор”, “Сурхон” – “Нефтчи”, “Насаф” – “Сўғдиёна”, “Андижон” – “Қизилқум” баҳсларига гувоҳ бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА