Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон сунъий интеллект технологияларини яратувчи давлат бўлади
21:49 / 2025-11-07

Самарқанд шаҳрида ЮНEСКО Бош конференсциясининг 43-сессияси доирасида Ўзбекистоннинг сунъий интеллектни жорий этишга тайёрлигини баҳолаш бўйича ЮНEСКО тақдиқот лойиҳаси (Readiness Assessment Methodology) натижалари тақдимоти ўтказилди.

ЮНЕСКО ва Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги масъуллари, давлат органлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари, сунъий интеллект соҳасидаги етакчи мутахассислар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда сунъий интеллектни ривожлантириш ва бунда одоб-ахлоқ меъёрларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритилди.

– Ўзбекистонда сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича ЮНЕСКО билан ўтказилган ўрганиш мамлакатимизда кейинги йилларда бу соҳага жуда катта эътибор қаратилгани ва муҳим қадамлар ташланганини кўрсатди, – дейди рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов. – Буни бир йил давомида ўрганиш ишларини олиб борган ЮНЕСКО экспертлари ҳам эътироф этмоқда. Дунёда сунъий интеллектдан фойдаланувчи ва уни яратувчи давлатлар бор. Бизнинг дастлабки ҳаракатларимиз ва мақсадимиз фақат фойдаланувчи эмас, яратувчи бўлишга қаратилган. Айни пайтда бунга эришаяпмиз ҳам. Бу борада сунъий интеллект технологиялари ривожланган Хитой, Япония ва Европа мамлакатлари билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. ЮНЕСКОнинг сунъий интеллектдан фойдаланиш, бунда этика қоидаларига риоя этиш бўйича 2021 йилда қабул қилинган ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этишда фаол қатнашяпмиз. Ана шу ислоҳотлар натижаси ўлароқ, халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг кейинги бир йилда сунъий интеллектни жорий этиш бўйича ҳаракатларини юқори баҳолади ва биз 17 поғона юқорилашга эришдик.  

[gallery-26136]

Тақдимотда сўзга чиққан ЮНЕСКО Бош офисининг биоэтика, фан ва технология этикаси бўйича раҳбари Дафна Файнҳоиз Ўзбекистон рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этишда минтақада етакчилик қилаётганини алоҳида таъкидлади.  

– ЮНЕСКО 2021 йилда сунъий идрок этикаси масаласи бўйича ўз нуқтаи назарини билдирган ва бугун ташкилотга аъзо давлатлар бунга амал қилиб келмоқда, – деди Дафна Файнҳоиз. – 75 дан ортиқ давлат бизнинг тавсияларимиз асосида иш олиб бориб юқори натижаларга эришаётганига гувоҳмиз. Ўзбекистон билан ҳам бу борада яқин ҳамкорлик йўлга қўйилганини ушбу мамлакатнинг сунъий интеллектни жорий этишга тайёрлигини баҳолаш бўйича тақдиқот лойиҳасини амалга оширганимиз ҳам кўрсатиб турибди. Мутахассис ва экспертларимиз қарийб бир йил давомида ўрганиш ишларини олиб бориб, Ўзбекистонда сунъий интеллектдан фойдаланиш борасида яхши тажриба тўпланганига гувоҳ бўлишди. Биз сунъий интеллекдан фойдаланиш жараёнида инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши, фақат технология эмас, инсонлар ҳам ривожланиши тарафдоримиз. Сунъий интеллектдан фойдаланган одам, у қайси сектор вакили бўлишидан қатъи назар, саволларига жавоб топиши зарур.

Тадбир давомида халқаро ва миллий экспертлар томонидан амалга оширилган тадқиқотнинг асосий натижалари таҳлил этилди, келгусида амалга оширилиши керак бўлган вазифалар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.  

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари