“Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан нодавлат суд экспертларининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда. Адвокатнинг сўровига асосан ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ шартнома асосида давлат ва нодавлат суд экспертлари томонидан тадқиқотлар ўтказиш тартиби назарда тутилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Депутатлар лойиҳадаги нормалар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Қонун лойиҳасида суд-экспертлик фаолиятининг янада ишончлилигини ошириш мақсадида аккредитация ва валидация институтларини жорий этиш масаласи ҳам акс этмоқда. Бундан ташқари, нодавлат суд экспертларини бирлаштирувчи, уларга яқиндан ёрдам берувчи Ўзбекистон суд экспертлари палатасини ташкил этиш ҳамда унинг вазифалари белгиланмоқда.
Депутатлар томонидан қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда хорижий мамлакатларда суд-экспертлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрганиб чиқилгани ҳамда мазкур лойиҳани ишлаб чиқишда инобатга олингани алоҳида қайд этилди. Лойиҳада кўзда тутилган нормаларнинг аҳамияти хусусида сўз юритилиб, уни янада такомиллаштириш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.
М.Комилова, ЎзА