Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги “UzVC” Миллий венчур фонди “Techstars” халқаро стартап акселератори билан “Techstars” маҳаллий акселерация дастурини ўтказиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди.
Бу ҳақда “UzVC” Миллий венчур фонди директори ўринбосари Абдулазал Тошхўжаев қуйидагиларни маълум қилди:
– Юртимизда инновацион иқтисодиётни ривожлантириш ва технологик тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар изчил давом этмоқда. Бу борада халқаро тажриба ва инвестицияларни жалб этиш муҳим аҳамият касб этади. Ана шундай ташаббуслардан бири сифатида Ўзбекистон “Techstars” халқаро стартап акселератори дастурларини мамлакат бўйлаб ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Мазкур ҳамкорлик миллий стартап экотизимини ривожлантириш, маҳаллий технологик лойиҳаларни глобал инновацион тармоқларга интеграция қилиш ҳамда ёш тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Яқинда мазкур ташаббуснинг расмий тақдимотини ўтказдик. Тадбирда инвесторлар, тадбиркорлар, давлат ва хусусий компаниялар вакиллари, банк сектори раҳбарлари, бизнес ҳамжамиятлари аъзолари ҳамда IT ва стартап сектори етакчилари иштирок этди. “Techstars” ҳуқуқининг қўлга киритилиши Ўзбекистонда технологик тадбиркорлик ривожида муҳим босқич бўлиб, халқаро стартап ҳамжамиятининг мамлакат бозорига бўлган қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.
“Techstars”нинг одатий модели алоҳида шаҳарларга ҳуқуқ беришни назарда тутади. Бироқ Ўзбекистонга эксклюзив тарзда мамлакат бўйлаб дастурлар ўтказиш ҳуқуқи тақдим этилди. Мазкур формат халқаро менторлар тармоғи, таълим дастурлари ва инвестиция ҳамжамиятига кириш имкониятини мамлакат бўйлаб кенгайтиради ҳамда инновациялар ривожини нафақат пойтахтда, балки ҳудудларда ҳам қўллаб-қувватлайди.
[gallery-28072]
“Techstars” Ўзбекистон доирасида стартапларни ривожланишнинг турли босқичларида қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор дастурлар амалга оширилади.
Дастур яқинда ишга туширилганига қарамай, Марказий Осиёда биринчи марта “Techstars Founder Catalyst” пре-акселераторига саралаш ўтказилди. Унда Ўзбекистондаги фаол стартаплардан қарийб 50 та ариза келиб тушди. Мазкур ташаббус юртимиз стартаплари учун янги имкониятлар яратиш, стартаплар ва инвесторлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда миллий инновацион экотизимни глобал технологик тармоқларга интеграция қилишга қаратилган.
Шунингдек, дастур доирасида инновацияларни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор бўлган халқаро ривожланиш институтлари, корпоратив сектор ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Фондимиз маҳаллий ва халқаро венчур инвесторларни жалб қилиш, стартаплар ва инвесторлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда инкубация ва акселерация дастурларини амалга ошириш билан шуғулланади. “Techstars” эса глобал акселератор ва стартап ҳамжамиятлари учун дастурлар оператори бўлиб, бутун дунё бўйлаб тадбиркорлар, инвесторлар ва менторларни бирлаштиради.
Хулоса қилиб айтганда, “Techstars” дастурларини мамлакат бўйлаб йўлга қўйиш миллий стартап экотизимини янги босқичга кўтариш, маҳаллий технологик лойиҳаларни глобал инновацион тармоқларга интеграция қилиш ва ёш тадбиркорлар учун халқаро имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади. Бу ташаббус нафақат пойтахтда, балки ҳудудларда ҳам технологик ривожланишни қўллаб-қувватлайди.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.