Ўзбекистон Республикаси Президенти “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон спортчиларини Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрлашнинг қуйидаги асосий мақсад ва устувор вазифалари белгилаб берилди:
а) олимпия ва паралимпия спорт турларини уларнинг амалдаги натижаларидан келиб чиқиб, тоифаларга ажратган ҳолда (устувор, истиқболли ва ривожланаётган) қисқа ва узоқ муддатли стратегияларни белгилаш орқали дифференциал ёндашув асосида ривожлантириш;
б) спортнинг устувор тоифадаги бокс, дзюдо, таэквондо, эркин кураш, оғир атлетика турлари бўйича медаллар сонини ошириш;
в) спортнинг истиқболли тоифадаги юнон-рум, аёллар кураши, камондан отиш, қиличбозлик, ўқ отиш, енгил атлетика, велоспорт, эшкак эшиш, сузиш ва синхрон сузиш каби 18 та тури бўйича лицензияларни кўпайтириш ҳамда медаллар учун курашиш;
г) спортнинг ривожланаётган тоифадаги триатлон, волейбол, стол тенниси, баскетбол, замонавий беш кураш каби 21 та тури бўйича лицензияларни қўлга киритиш;
д) жамоавий спорт турлари, от спорти, мураккаб техник спорт турларини ривожлантириш орқали натижадор спорт турлари географиясини кенгайтириш;
е) халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва улар фаолиятида Ўзбекистон спорт ҳамжамияти вакиллари иштирокини кенгайтириш.
Мазкур қарор билан:
а) 2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш дастури;
б) 2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш ҳамда миллий терма жамоа аъзоларининг контингенти бўйича мақсадли кўрсаткичлар;
в) 2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш учун Спорт вазирлиги, Миллий олимпия ва паралимпия қўмиталари, спорт федерациялари (уюшмалари)га бириктириладиган спорт базалари рўйхати;
г) Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш бўйича республика комиссияси;
д) олимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилишини ташкил қилиш мақсадида Спорт вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг ҳудудларга бириктириладиган масъуллари рўйхати тасдиқланди.
ЎзА