Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон спортчилари “World combat games”да қатнашади
11:52 / 2023-10-20

Дунёда ўнлаб комплекс спорт мусобақалари ўтказилади. Ҳар бири ўз йўналиши ва даражасида маълум бир мавқега эга. Сўзсиз, Халқаро олимпия қўмитаси тизимида ташкил этиладиган Олимпия ва Осиё ўйинлари барча комплекс спорт тадбирларининг энг юқори чўққиси саналса, яккакураш спорт турлари бўйича ўтказиб келинаётган Бутунжаҳон жанговар спорт ўйинлари мазкур спорт мусобақалари тизимининг боғланиш нуқтасидир.

Олимпия ва бир қатор ноолимпия спорт йўналишларини қамраб олган Бутунжаҳон жанговар спорт ўйинларининг навбатдаги мусобақалари жорий йилнинг 20-30 октябрь кунлари Ар-Риёд шаҳри (Саудия Арабистони)да бўлиб ўтади.

“World combat games” номи остида ташкил этиладиган бу галги комплекс мусобақалар 16 та спорт турининг 25 га яқин йўналишларида кечади.

120 дан зиёд давлатдан 1600 нафарга яқин спортчилар иштирок этиши кутилаётган III Бутунжаҳон жанговар спорт ўйинларида мамлакатимиз спортчилари 8 та спорт турида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Иштирокчи давлатларнинг спортчилари айкидо, армрестлинг, бокс, қиличбозлик, дзюдо, жиу-житсу, каратэ, кэндо, кикбоксинг, муай-тай, самбо, француз бокси сават, таэквондо, белбоғли кураш, грепплинг, панкратион, юнон-рум кураши, ушу баҳсларида “World combat games” медаллари учун кураш олиб боради.

Ўзбекистон спортчилари мазкур комплекс ўйинларда 8 та спорт турида қатнашади. Умумий спортчилар сони 44 нафарни ташкил этмоқда. Жумладан, 6 нафар дзюдочи, 4 нафар кикбоксингчи, 9 нафар самбочи, 4 нафар француз бокси саватда, 2 нафар жиу-житсуда, 10 нафар белбоғли курашчи, 13 нафар панкратион ва грепплингда, 2 нафар ушу спорти вакиллари “World combat games”да Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини таъминлашга, озод ва ҳур байроғимизни Ар-Риёд спорт майдонларида юксалтиришга ҳозирланмоқда. Шу ўринда айтиш лозим, Бутунжаҳон жанговар спорт ўйинлари бўйича бундан олдин ўтказилган баҳсларда ҳам мамлакатимиз яккакураш усталари муносиб натижаларга эришган.

2010 йили Хитойда ўтган “World combat games” мусобақаларида Ўзбекистон спортчилари 2 та олтин, 1 та кумуш медали билан умумжамоада 20-ўринни, 2013 йил Россияда ташкил этилган баҳсларда 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан 130 га яқин давлат орасида 28-ўринни қўлга киритган.

Таъкидлаш керакки, “World combat games” ўйинлари низомига мувофиқ, унда спорт турлари бўйича иштирок этадиган спортчилар халқаро рейтингда маълум ўринларга эга бўлиши талаб этилади. Шу жиҳатдан, ушбу комплекс беллашувларда истаган спортчи қатнаша олмаслиги, унда фақат дунёнинг энг кучлилари рейтинг асосида иштирок этиши мусобақалар нуфузи баландлигидан далолатдир.

Кеча Ар-Риёд ўйинларида қатнашадиган Ўзбекистон самбочилари Саудия Арабистонига йўл олган бўлса, бугун дзюдо мусобақаларининг аралаш жамоавий беллашувларида иштирок этадиган терма жамоа таркиби эълон қилинди.

Унга кўра, маҳоратли дзюдочиларимиздан Обидхон Нўмонов, Жаҳонгир Маматраҳимов, Ўткир Тўрабоев, Нилуфар Эрмаганбетова, Шоҳиста Назарова, Ирисхон Қурбонбоева 23 октябрь куни Бутунжаҳон жанговар спорт ўйинлари тизимидаги баҳсларда татамига чиқади.

Бугун, 20 октябрь куни “World combat games”да самбо беллашувлари бошланади. 21 октябргача давом этадиган самбо мусобақаларида спортчиларимиздан Дилшодбек Йўлдошев, Муҳаммадали Саъдуллаев, Фурқат Рўзиев, Гулсевар Ўроқова, Ибодатхон Ағажонова, Бегойим Ҳайитова ва Илҳом Жўраев юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Мусобақаларни бошқариб боришда ҳамюртимиз, Ўзбекистон самбо ассоциацияси ҳакамлар кенгаши раиси Ислом Одилов қатнашмоқда.

Мазкур комплекс спорт ўйинларида ҳамюртларимизга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА