Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон спортчилари иккинчи чоракда қанча халқаро мусобақада қатнашди?
18:16 / 2025-07-01

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” қарорида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоаларнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш вазифаси белгиланган.

Хўш, йил мобайнида, хусусан ортда қолган иккинчи чорак ҳолатида мазкур масала юзасидан қандай ишлар амалга оширилди? 

Айтиш лозим, жорий йил давомидаги халқаро турнирлар, чемпионатлар юртимиз спортчилари учун 2028 йили Америка Қўшма Штатларининг Лос-Анжелес шаҳрида ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг муҳим босқичи саналади. 

Ушбу даврда халқаро майдонда ўтказиладиган қитъа ва жаҳон чемпионатларида муносиб натижаларга эришиш терма жамоалар олдидаги асосий вазифа саналади. Бу, давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган тегишли ҳужжатларда ҳам акс этган. 

Бевосита рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Спорт вазирлиги маълумотида келтирилишича, жорий йилнинг иккинчи чорак якунларига кўра, юртимиздаги 45 та Олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоаларнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида ҳудудлар кесимида 10 минг 223 нафар маҳоратли спортчилар миллий терма жамоалар сафига саралаб олинди. Шундан 6 минг 373 нафари асосий, 3 минг 850 нафари захира таркибга олинди. 

– Мамлакатимиз спортчилари бир қатор халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиб келмоқда. Бевосита иккинчи чорак ҳолатида айтадиган бўлсак, давлатимиз томонидан олимпия ва паралимпия ўйинлари тизимидаги терма жамоалар учун 64 та халқаро мусобақаларда иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Футбол, спорт курашлари, стол тенниси, бокс, дзюдо, оғир атлетика, волейбол, гандбол каби бир қатор спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларимиз жаҳон ва қитъа чемпионатларида, нуфузли мусобақаларда қатнашди, – дейди спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Санъат Ғуломназаров. 

Дарҳақиқат, жорий йилнинг апрель-июнь ойлари юртимизнинг енгилмас спортчилари учун энг сермаҳсул давр бўлди. Футбол бўйича миллий терма жамоамизнинг айнан иккинчи чоракда жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани, спорт кураши бўйича мамлакатимиз ёшлар терма жамоаси қитъа чемпионатида 40 та медаллар шодасига эга бўлгани, шахматчиларимизнинг Европа ва Осиё мамлакатларидаги нуфузли турнирларда юксак ғалабаларга эришилгани янги муваффақиятлар пойдевори мустаҳкамланаётганлигидан далолат, дейиш мумкин. 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА